Бу адирлик илгари фойдаланилмайдиган яйдоқ жойлар эди. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил июнда Фарғона вилоятига ташрифи чоғида тадбиркорнинг бу ерда боғ яратиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Ҳозир бу агролойиҳа босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Дастлабки икки йилда 450 гектар ерда интенсив боғ яратилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Экспортбоп гилос ва шафтоли кўчатлари ҳосилга кириб қолди.
Бугунги ташрифда Президент «Уз-Сеганг» қўшма корхонасининг ушбу боғини кўздан кечирди. Тадбиркорнинг муаммо ва таклифларини сўради.
Корхонага Қува туманидан қарийб 2 минг гектар ва Қувасой шаҳридан 1 минг 600 гектар ер ажратилган.
Келгуси икки йилда қайта ўзлаштирилган бу ерларда яна 980 гектар интенсив боғ барпо этилади. Шунингдек, экотуризм ва логистика марказлари ишга туширилади. Энг муҳими яна қўшимча 200 та доимий, 3 мингта мавсумий иш ўрни пайдо бўлади.
Ўтган йили корхона томонидан фермер хўжаликлари ва хонадонлардан 1 минг 700 тонна гилос, шафтоли ва анор йиғиб олиниб, 5 миллион доллардан зиёд экспорт қилинди. Бу йил экспорт миқдорини 15 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.
Корхона фақат мева етиштириш билан чекланмайди. Италия, Туркия, Жанубий Корея ва Хитойдан илғор технологиялар келтирилиб, маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш йўлга қўйилган.
Президент бундай лойиҳаларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлаб, бунинг учун қандай таклиф бўлса, қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Шу ерда вилоятдаги агросаноат маҳсулотлари намойиш этилди. Соҳадаги келгуси режалар тақдимот қилинди.
Вилоятда 48 минг 300 гектар боғ ва токзор мавжуд бўлиб, унинг 3 минг 400 гектарини интенсив боғлар ташкил этади. Кейинги тўрт йилда 6 минг 400 гектар боғ ва 2 минг 900 гектар токзорлар барпо этилган. Шунингдек, 1 минг 400 гектарда томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган.
Бу йил яна 3 минг 400 гектар интенсив боғ ва токзорлар барпо қилиниб, 2 минг 400 та иш ўрни яратилиши мўлжалланган.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи якунланди.