Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан электр энергияси ва табиий газ бўйича белгиланган тарифлар ва ушбу манбаларни ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Айни шу талаблар асосида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов ушбу қарор билан белгиланган ижтимоий норманинг моҳиятини тушунтириб берди:
– Очиғини айтиш керак, қарор билан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 200 киловатт•соат электр энергияси “ижтимоий норма” сифатида белгилаб қўйилган. Агар аҳоли истеъмолчилари тарифлари электр энергияси таннархига тенглаштирилса, истеъмолчиларнинг тўлов қобилиятига нисбатан бироз қийинроқ бўлар эди.
Шундан келиб чиқиб айтиш керакки, 200 кВ•соат «лимит» эмас, бу «базавий меъёр», яъни электр энергия истеъмолчилар учун ижтимоий ҳимоя унсури сифатида сақлаб қолинган «ижтимоий меъёр» миқдоридир.
Айни пайтда ижтимоий тармоқ саҳифаларида тобора муҳокамалар марказида бўлаётган масала – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрель санасида имзоланган 204-сонли қарорида белгиланган «базавий меъёр», яъни «ижтимоий норма» ҳақида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари сифатида қисқача ўз фикримни билдиришни лозим топдим.
Ижтимоий тармоқларда «200 кВ•соат лимит» деб аталаётган электр энергияси миқдори лимит эмас, аслида истеъмолчилар учун давлат субсидияси ижтимоий ҳимоя унсури сифатида сақлаб қолинган «ижтимоий миқдор», яъни имтиёз миқдоридир.
Бу масалани оддий арифметик мисолларда тушунтириб берсак, масала моҳиятини англаш янада осонлашади.
Бозор иқтисодиётининг бугунги шароитида 1 кВ•соат электр энергиясининг таннархи тақрибан 1000 сўм атрофида эканлигини ҳисобга олсак, 2024 йил 1 май санасидан аҳоли истеъмолчилар бир ой якунига кўра (мисол учун) 450 кВ•соат электр энергияси истеъмол қилганда қуйидагича ҳақ тўлайди:
200 кВ•соат = 200 кВ•соат «базавий меъёр» миқдори.
250 кВ•соат «базавий меъёр»дан ошган қисми.
– истеъмолчи «базавий меъёр» миқдорида – 200 кВ•соат х 450 сўм = 90 000 сўм;
– давлат субсидияси – 200 кВ•соат х 550 сўм = 110 000 сўм;
– истеъмолчи «базавий меъёр» миқдоридан ошганда – 250 кВ•соат х 900 сўм = 180 000 сўм;
– давлат субсидияси – 250 кВ•соат х 100 сўм = 25 000 сўм.
Демак, истеъмолчи (жами) 450 кВ•соат учун 270 000 сўм.
Давлат субсидияси (жами) 450 кВ•соат учун 135 000 сўм тўлайди.
Хулоса шуки, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги 204-сонли қарорида электр энергияси учун белгиланган нарх тарифларида аҳоли истеъмолчиларининг барча тоифа ва гуруҳлари учун ижтимоий ҳимоя унсурлари сақлаб қолинган ҳолда, энергия ресурсларнинг истеъмолчиларга етказиб бериш тарифлари унинг таннархига яқинлаштириш босқичига кўтарилган, дея айтиш мумкин.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/09lrwzReRak" title="Elektr energiyasining “bazaviy meʼyor”i – aholi isteʼmolchilari uchun ijtimoiy yordam" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Насиба Зиёдуллаева,
Аброр Содиқов,
Анвархўжа Аҳмедов (видео-монтаж), ЎзА