Дунё мамлакатлари зиммасидаги жами давлат қарзи 100 триллион доллардан ошди. Хавотирли жиҳати, қарз жаҳон иқтисодиётига нисбатан тез ўсмоқда.
“РИА Новости” Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси маълумотига асосланиб тайёрлаган мақолада келтирилишича, экспертлар 2023 йил ўрталарида 178 мамлакат иқтисодиёти ва ялпи ички маҳсулоти ҳақидаги маълумотни ўрганиб чиққан.
Жамланган давлат қарзи кўрсаткичи марказий ҳукумат, вилоятлар ва муниципалитетлар қарзини ҳисобга олади.
2023 йил сайёрамиздаги барча давлатлар қарзи 5,8 фоиз ошиб, 101 триллион долларга кўтарилган. Жаҳон ялпи ички маҳсулоти қиймати эса секинроқ суръатда – номинал кўринишда 4,2 фоиз ўсиб, 105,4 триллион долларга етган. Натижада қарз ўтган йилги 94,5 фоиздан кўпроқ, яъни ЯИМнинг 95,8 фоизини ташкил қилган.
Энг қўп давлат қарзи ер юзидаги энг йирик иқтисодиёт эгаси – АҚШга тегишли – 37,5 триллион доллар. Бу рақам жаҳон иқтисодиётининг 35,6 фоизига тенг. Иккинчи ўринда 14,9 триллион доллар ёки жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 14,1 фоизи билан Хитой бормоқда. Ҳар икки давлатнинг жамланган давлат қарзи ўтган йилга мос равишда 6 ва 8 фоиз ошган. Жаҳон иқтисодиётига нисбат эса АҚШда 0,8 фоиз-пункт, Чин мамлакатида эса 0,5 фоиз-пункт ошди.
Биринчи учликка ўтган йил охирида давлат қарзи 3 фоиз камайиб, 10,6 триллион долларни кўрсатган Япония ҳам кирган. Бинобарин, Япония қарзининг жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши бир йил аввалги 10,8 фоиздан 10,1 фоизга тушган.
Ўрганилган давлатлар орасида ўтган йил яна саккиз мамлакатнинг давлат қарзи жаҳон иқтисодиёти 1 фоизидан ошиб кетгани маълум бўлди: Буюк Британия, Франция, Италия, Ҳиндистон, Германия, Канада, Бразилия ва Испанияда давлат қарзи жаҳон ЯИМдаги умумий улуши бир йилда 79,1 фоиздан 80,2 фоизга кўтарилган.