Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги делегацияси жорий йилда Хитойнинг Урумчи ва Карамай шаҳарларида бўлиб, Хитой Фанлар академияси Шинжон экология ва география институти фаолияти билан танишган эди.
Хитой томони чўл ва қурғоқчил ҳудудлар экотизимларини сақлаш ва тиклаш соҳасидаги ютуқлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун келгусида фойдаланиш мақсадида тупроқни шўрлантириш технологияларини намойиш этган эди.
ШҲТ давлатларининг “яшил” ривожланиш форуми доирасида Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Хитой Халқ Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Хуан Жунсу ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда А.Абдуҳакимов Ўзбекистон Хитой Халқ Республикаси қум бўронлари ва чўлларни назорат қилиш бўйича миллий кенгаши, шунингдек, Хитой Фанлар академиясининг Шинжон экология ва география институти билан қурғоқчил ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган технологияларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Бундан ташқари, вазир Хитойнинг ушбу соҳадаги етакчи олим ва мутахассисларини Тошкентдаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”)га ишлашга таклиф қилди.
Мулоқот якунида томонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида ХХРга расмий ташрифи чоғида имзоланган Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА