Жамиятимизда кечаётган маънавий-маърифий жараёнларда жадид боболаримизнинг ибратли ҳаёти, фаолияти, умрини бағишлаган мақсад-муддаоларини ўрганиш, тадқиқ этиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда. Жадид боболаримиз сафида тараққийпарвар инсон, юрт зиёлиларининг пешқадами Абдулла Авлоний ўзига хос ўрин эгаллайди.
Маълумотларга кўра, машҳур ўзбек маърифатпарвари, шоири ва жамоат арбоби, журналист Абдулла Авлоний 1878 йил 12 июлда Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилган.
Эски мактабда савод чиқарди, мадрасада таҳсил олди. Оиладаги моддий қийинчиликлар туфайли болалигидан одамлар эшигида меҳнат қилди, ғишт қуйиш, сувоқчилик, печкачилик, дурадгорлик, бинокорлик каби касблар билан шуғулланди, «Иморатчи уста» деган ном олади.
Абдулла Авлонийнинг шеърлари 15 ёшидан бошлаб матбуотда кўрина бошлади. Жадидчилик ҳаракати раҳбарларидан бири бўлган Авлоний 1904 йилда Тошкентнинг Миробод маҳалласида жадид мактабини, 1909 йилда «Жамияти хайрия» уюшмасини ташкил этади. 1905-1917 йилларда матбуотдаги қизғин фаолияти, кўплаб публицистик мақолалари билан «бир ёқдан миллий ислоҳот учун мафкура ҳозирлағон, иккинчи ёқдан эл орасига ўзгариш тухмини сочғон» ҳам Абдулла Авлоний бўлди. Авлоний ўзи нашр этган «Шуҳрат» (1907) номли газетаси фаолиятини шундай баҳолаган эди.
Манбаларга кўра, маърифатпарвар бобомиз Туркистонда биринчилардан бўлиб мактабга география, кимё, ҳандаса, физика фанлари киритилишига таъсир кўрсатди. Таълимни реал турмуш билан боғлашга интилди, бир дарс билан бошқаси ўртасида муайян танаффусни, бир синфдан иккинчисига ўтишдаги имтиҳонни жорий этди. Таълим тизимининг дунёвий йўналишини кучайтиришга алоҳида эътибор берди.
Унинг «Биринчи муаллим» («Муаллими аввал», 1909), «Иккинчи муаллим» («Муаллими соний», 1912) номли дарсликлари, «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» (1913), «Гулистони мактаб» (1917), «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» (1909-1916, 6 қисм) каби қўлланмалари мактабларда ўқитилган.
Авлоний «Турон» (1917) газетасига «Яшасин халқ жумҳурияти» деган шиорни танлади. 1918 йил Авлоний «Иштирокиюн» газетасини ташкил этишда қатнашди ва унинг муҳаррири бўлди. 1919—1920 йилларда Шўро ҳукуматининг Афғонистондаги сиёсий вакили ва консули сифатида фаолият кўрсатди. Кейинроқ «Касабачилик ҳаракати» журнали бош муҳаррири бўлди (1921).
1921 йилдан Авлоний мактаблар очиш, халқни саводхон қилиш, ўзбек хотин-қизларини ўқитиш, ўқитувчилар ва зиёли кадрлар тайёрлаш ишлари билан шуғулланди. У Эски шаҳардаги хотин-қизлар ва эрлар маориф билим юртларида мудир (1923—24), Тошкент ҳарбий мактабида ўқитувчи (1924—29), 1930—34 йилларда Ўрта Осиё университети тил ва адабиёт кафедраси мудири, профессор лавозимларида ишлади. Шу даврда у ўзбек мактабларининг 7-синфи учун «Адабиёт хрестоматияси» тузиб, нашр эттирди (1933).
«Турон» номли театр тўгарагини ташкил этиб, иқтидорли ёшларни тўплади, айрим ролларни ижро этишда ўзи ҳам қатнашди. Долзарб мавзудаги пьесалар ёзди, саҳналаштирди.
Маълумотларга кўра, Октябрь тўнтаришидан кейин халққа ваъда қилинган эркинликнинг берилмагани шоир ижодида тушкунликнинг пайдо бўлишига олиб келди.
Абдулла Авлоний Афғонистонда элчи бўлди, турли ўқув юртида дарс берди. Абдулла Авлонийнинг Ҳижрон, Нобил, Индамас, Шуҳрат, Сурайё, Шапалоқ, Чол, Аб, Чегибой деган тахаллуслари бўлган. У 1934 йил 24 августда Тошкентда вафот этди. Авлоний ижоди бўйича Бегали Қосимов илмий изланишлар олиб борган.
Н.Усмонова тайёрлади, ЎзА