Ихтисослаштирилган таълим муассасалари учун ўқувчилар қабули Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 майдаги тегишли қарори билан тасдиқланган низомлар асосида ташкил этилади.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йил мазкур мактабларда ўқиш истагини билдирган ўқувчи сони 244 минг 378 нафарни ташкил этмоқда.
Бунда республика миқёсида Президент мактабларига бир ўқувчи ўрнига ўртача 185 нафар, ижод мактабларига 15 нафар, ихтисослаштирилган мактабларга 20 нафар, таянч ихтисослаштирилган мактабларга 80 нафар, Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий мактабига эса 145 нафар талабгор тўғри келди.
Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжатлар қабули ва имтиҳон жараёнларини ташкил этиш амалиёти йилдан йилга соддалаштирилиб, такомиллаштирилмоқда.
Хусусан, таянч ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжат топширган талабгорлар учун имтиҳонлар ўз ҳудудлари (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри)да ўтказилди. Бу орқали фуқароларнинг вақт ва маблағлари тежалишига эришилди.
Кириш имтиҳонлари натижалари Президент мактабларида биринчи босқичда имтиҳон топширилган кундан кейин 20 кун ичида, иккинчи босқичда имтиҳон топширилган кундан кейин 30 кун ичида ижод, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларида имтиҳон топширилган кундан кейин 20 кун ичида Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА