2024 йил 6 июль куни “Табиий газ ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор табиий газ ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда сиқилган газни автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари орқали сотишни тўлиқ рақамлаштирган ҳолда улардан ноқонуний фойдаланиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб нефть, газ (шу жумладан, сиқилган табиий ва суюлтирилган углеводород газини) ва газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш учун лицензия олишда талабгорларга АГТКШ орқали сотиладиган сиқилган газ сарфи ҳисобини бевосита газ тарқатиш устунларидаги маълумотларни реал вақт режимида тўплаш ва юритиш имконини берувчи тизим ўрнатилганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиш мажбурияти юкланади.
Шунингдек, янги АГТКШларни қуриш учун табиий газ тармоқларига уланишда техник шартлар ва лицензия фақатгина Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Энергетика вазирлиги тақдимномасига мувофиқ берилади.
АГТКШ орқали сотиладиган сиқилган газ сарфи ҳисобини бевосита газ тарқатиш устунларидаги маълумотларни реал вақт режимида тўплаш ва юритиш имконини берувчи тизим ўрнатиш талаби амалдаги лицензиатлар учун 2025 йил 1 январдан бошлаб мажбурий ҳисобланади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА