Стратегик ислоҳотлар агентлиги мамлакатнинг пенсия тизимини такомиллаштириш йўлини ўрганди.
Ўзбекистон Allianz Pension Ranking – 2023 пенсия рейтингида охирги ўринлардан бирини (75 мамлакат ичида 71-ўрин) эгаллади. Таққослаш учун: Қозоғистон 34-ўринда, Россия — 37, Туркия — 59-ўринда. Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги мамлакатнинг пенсия таъминоти тизимини яхшилашга нималар тўсқинлик қилаётганини ўрганиб чиқди. Рейтинг учта суб-индексга асосланади: базавий шароитлар, барқарорлик ва пенсия тизимининг монандлиги. Улар 1 дан 7 гача бўлган шкала бўйича баҳоланади, бунда 1 энг юқори баҳодир. Ўзбекистоннинг умумий баҳоси 4,5 ни ташкил этган (базавий шароитлар бўйича 4,4, барқарорлик бўйича 3,6 ва монандлик бўйича 5,3).
Ўзбекистонда пенсия бадаллари даражаси бошқа мамлакатларга нисбатан юқори — 12−25 фоиз. Бироқ тўловларнинг ялпи коэффициенти ўртача (55 фоиз). Ушбу кўрсаткич ишчининг ўртача иш ҳақига нисбатан олинган ўртача пенсияни кўрсатади. Бу номувофиқлик фуқаро пенсия бадалларидан кўп маблағ олмаётгани ва пенсиялар жуда паст эканини англатади.
Ўзбекистонда норасмий бандлик юқори бўлгани сабабли пенсия таъминоти тизимининг қамрови паст — 38 фоиз. Пенсия механизмлари сифатида фойдаланиш мумкин бўлган расмий молиявий хизматлар оммабоплиги ҳам паст.
Мамлакат пенсия тизими мажбурий бадаллар бўйича белгиланган тўлов тизимидан иборат. Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, у борган сари давлат бюджетидан кўпроқ молиялаштирилмоқда.
Сўнгги 10 йилда Пенсия жамғармаси даромадлари 3,4 бараварга ошган бўлса, харажатлари 5 бараварга ошган. 2020 йилдан пенсия тўловларини молиялаштириш учун давлат бюджетидан доимий равишда трансферт ажратилмоқда.
2022 йилда трансферт миқдори 11 триллион сўм (жами харажатнинг 24,7 фоизи) ташкил этган бўлса, 2023 йилда 15 триллион сўм (29 фоиз) кўзда тутилган. 2030 йилда трансферт миқдори 38 триллион сўмга етиши прогноз қилинмоқда.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, тўловлар ўрнатилган тизим — бу фуқаронинг белгиланган пенсия олиши кафолатланган пенсия тизими. Пенсия миқдори бадаллар миқдорига, пенсия ёшига ва иш стажига қараб ўзгариши мумкин, аммо уни белгилашнинг қатъий қоидалари мавжуд. Бироқ, олинган пенсия миқдори одатда бадалларга боғлиқ эмас, чунки бадаллар одатда умумий пенсия жамғармасига бирлаштирилади.
Ўзбекистоннинг давлат пенсия таъминоти тизимини бошқа давлатлар билан солиштириш мумкин. Бироқ аксарият мамлакатларда мазкур компонент касбий пенсия дастурлари ёки шахсий жамғариш дастурлари билан тўлдирилади. Ўзбекистонда касбий пенсия режалари мавжуд эмас. Мавжуд бўлган ягона индивидуал жамғариш дастури мажбурий бўлиб, бадаллар ставкаси паст бўлгани (ойлик иш ҳақининг 0,1 фоизи) ва чекловчи қоидалари кўп бўлгани боис катта аҳамият касб этмайди.
Ушбу маблағларга ҳар йили инфляция миқдорида фоиз даромадлари ҳисобланса-да, фуқаролар ўз жамғармаларини ихтиёрий равишда бошқа молиявий инструментларга ёки банк омонатларига йўналтириш ҳуқуқига эга эмас.
Дания ва Нидерландия юқоридаги ва бошқа рейтингларда энг юқори ўринларни эгаллайди. Уларнинг пенсия тизимлари кучли профессионал компонентга асосланган. Масалан, Нидерландияда давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган базавий белгиланган ставкали давлат пенсияси мавжуд. У саноат шартномалари билан боғланган мажбурий пенсия режаси билан бирлаштирилган. Ушбу пенсия режаси даромад билан боғлиқ ва белгиланган имтиёзларга эга, аммо капитал молиялаштиришга асосланган. Иш жойини ўзгартирганда пенсия ҳуқуқлари тўлиқ ўтказилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА