Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги миллий истироҳат боғи Андижон шаҳрининг жануби-шарқий қисмидаги Боғишамол даҳасида жойлашган. Умумий майдони 357 гектардан иборат мазкур боғга 1973 йилда асос солинган.
Ана шу йили вилоят ижроия қўмитаси қарори билан андижонлик меҳнаткашлар учун дам олиш маскани ташкил этиш мақсадида Андижон шаҳрига туташ Хакан адирликларидан 300 гектар ер ажратилиб, “Боғишамол” дам олиш масканини барпо этишга киришилди. Қурилиш, ободонлаштириш ишларига вилоятдаги жуда кўп ташкилотлар, кенг жамоатчилик жалб этилди. Чинор, қайрағоч, арча ва бошқа турли манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ошхона ҳамда чойхоналар қурилди. Бир неча йил ўтиб, Боғишамол халқ дам оладиган сўлим масканга айланди.
1992 йилда улуғ бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллик тантаналари муносабати билан мазкур маскан Бобур номидаги миллий истироҳат боғи, деб юритила бошлаган.
– Бугунги кунда боғнинг умумий майдони 357 гектарни ташкил этади, – дейди Бобур номли халқаро жамоат фонди раисининг ўринбосари Рустамжон Мамасолиев. – Асосан 40-50 йиллик дарахтлар билан қопланган боғ ҳудудида шарқона услубда қурилган Арк дарвоза, Бобур Мирзо ҳайкали, шоирнинг рамзий мақбараси, масжид, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи, ўттиздан зиёд замонавий аттракцион, фавворалар, узунлиги 3,5 километр бўлган осма сим йўл, ресторан, кафе, кўплаб ошхона ва чойхоналар, меҳмонхона, кутубхона мавжуд. Шунингдек, боғда Бобур номли халқаро жамоат фондининг идораси ҳам жойлашган.
“Бобур ва жаҳон маданияти” музейидан Бобур халқаро илмий экспедициянинг сафарлари давомида дунёнинг турли ҳудудларидан олиб келинган темурийлар, бобурийлар сулоласининг тарихига оид ноёб китоблар, қўлёзмалар ҳамда турли экспонатлар жой олган.
Музейнинг кириш қисмига зарҳал ҳарфлар билан Президентимизнинг “Заҳириддин Муҳамамад Бобур бизнинг бобомиз, бизнинг қонимиз, болаларимизга ғурур билан айтадиган буюк аждодимиздир. Мана шундай бизнинг аждодларимиз борлигини, улар Андижон фарзанди эканлигини ҳеч қайсимиз, ҳеч қачон унутмаслигимиз керак” деган сўзлари ёзиб қўйилган.
Асосий экспозициялар зали марказига “Ҳирот” макети ўрнатилган бўлиб, унинг ёнига Бобур номли халқаро илмий экспедициянинг сафарлари ҳақидаги маълумотлар жойланган.
Бобурнинг рамзий мақбарасига эса 1992-1993 йилларда халқаро илмий экспедиция томонидан Бобур Мирзонинг Агра ва Қобулдаги қабрларидан олиб келинган хоки жойланган.
Бобур номли халқаро жамоат фонди ЎзФА Астрономия институти билан ҳамкорликда боғнинг энг баланд қисмида “Ёшлар дунёси” деб номланган илмий-маърифий марказ ташкил этган. Марказда ёшларга коинот сирлари ҳақида маълумот берувчи обсерватория барпо этилган.
Бобур миллий боғи халқаро туризм маршрутига киритилган. Боққа, айниқса, баҳор, ёз ойларида узоқ-яқинлардан минглаб сайёҳ, зиёратчи ва дам олувчилар ташриф буюради.
– Бобур боғи хушҳаво, сўлим, чиройли ва хушманзара маскан, – дейди дам олувчилардан бири, Марҳамат туманидаги 29- умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Заримахон Абдукаримова. – Айниқса, ёзнинг жазирама кунлари бу ерда дам олиш кишига роҳат бағишлайди. Шу боис, оиламиз билан тез-тез келиб турамиз. Бугун ҳам ўғилларим, келин ва набираларим билан келиб, хордиқ чиқаряпмиз. Боғда дам олувчилар учун барча шароитлар яратилган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ёз ойларида бу ерга кунига 2-4 минг нафарга яқин юртдошларимиз ҳамда хорижий сайёҳлар ташриф буюради. Сайёҳларнинг кўнгилли дам олиши учун боғда зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратилган. Бундан ташқари, боғнинг турли майдон ва саҳналарида эртадан кечга қадар кўнгилочар тадбирлар, концерт дастурлари ташкил этилади.
Боғда нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг бошқа мамлакатларида ўсадиган турли хил мевали, манзарали дарахтлар, гул ва ўсимликлар парвариш қилинади. Боғ ҳудудининг катта қисми адирликдан иборат экани боис, 2014 йилда Бобур халқаро жамоат фонди ташаббуси билан “Зайтун ва бошқа субтропик экинлар етиштириш илмий маркази” ташкил қилиниб, сувсизликка чидамли писта, бодом, ёнғоқ кўчатларини етиштириш ҳамда хорижий давлатлардан олиб келинган зайтун дарахти кўчатларини Ўзбекистон иқлимига мослаштириш борасида илмий-амалий ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 4 минг тупдан зиёд кўчатлар экилиб, пистазор, ёнғоқзор, зайтунзорлар барпо этилди. Шунингдек, кейинги йилларда Андижон давлат университети олимлари билан ҳамкорликда бу ерда заъфарон, коврак каби тиббиётда кенг қўлланиладиган ўсимлик кўчатларини етиштириш ҳам йўлга қўйилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Андижон вилоятига қилган ташрифи чоғида Бобур номли миллий истироҳат боғида бўлиб, боғни жаҳон андозаларига мос, замонавий, республика мақомидаги маданият ва истироҳат боғига айлантириш юзасидан қатор топшириқлар берган эди. Ана шу топшириқлар асосида кейинги йилларда боғда кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, боғнинг марказий хиёбонига муҳташам масжид ва музей қурилди, рамзий мақбара қайта таъмирланди.
[gallery-18216]
Боғнинг кириш дарвозаси олдига замонавий фаввора барпо этилди, йўлларга асфальт ётқизилиб, боғ ҳудудига ўриндиқлар, чиқиндилар учун махсус қутилар ўрнатилди.
Шунингдек, боққа ташриф буюраётган меҳмон ва зиёратчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида дам олиш масканининг энг юқори қисмида жойлашган “Боғи баланд”, “Кема” дам олиш жойлари тўла таъмирланди, осма йўлнинг симлари янгиланди. Эндиликда осма йўл кабиналарини замонавий кабиналарга алмаштириш бўйича ҳаракатлар кетмоқда.
Боғнинг қуйи “Буюк ипак йўли” қисмидаги ошхона ва савдо расталари қайта қурилиб, замонавий кўринишга келтирилди. “Туяқамар” қисмига 1,5 гектар майдонга замонавий иссиқхона барпо этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Андижоннинг ўзига хос рамзига айланган Бобур номли миллий истироҳат боғи бугун нафақат андижонликлар, балки шаҳар меҳмонлари, сайёҳлар кўнгилли ҳордиқ чиқарадиган энг сўлим ва гавжум масканларидан бири сифатида барчага манзур бўлмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари