Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси раиси бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давом этмоқда.
Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, ташриф давомида делегация аъзолари Ланьчжоу инвестиция ва савдо форумида иштирок этди. Унда Ўзбекистондаги маҳалла тизими, “еттилик” фаолияти тақдимот орқали намойиш этилди.
Форум давомида юртимиз делегацияси Бутунхитой саноат ва савдо федерацияси Тадбиркор аёллар савдо палатаси ижрочи президенти Чжао Синсзу бошчилигидаги хитойлик тадбиркорлар билан ҳам учрашди.
Чжао Синсзу Хитой томони Ўзбекистондаги бизнес муҳитига доимо ишонч билан қарашини, ҳамкорликда янги лойиҳаларни бошлашга тайёрлигини билдирди.
Ланьчжоу инвестиция ва савдо халқаро кўргазмасида Ўзбекистон ўз павильони билан иштирок этди.
Маълумот учун: мамлакатимиз делегациясининг ХХРга сафари давом этади. Сафар давомида яна бир қатор соҳа ва йўналишларда учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА