Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қонун билан Ер кодексига ҳамда «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонунга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлар ўн йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши мумкинлиги, шунингдек ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан мазкур ер участкаларида ҳамда боғлар ва токзорларнинг қатор ораларига мақбул экинлар экилишини ёки тут кўчатлари ўтқазилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Ер кодексига пиллачилик ва тутчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари, агросаноат кластерлари ва бошқа юридик шахсларга майдони ўн гектаргача бўлган ер участкалари ажратилиши мумкинлиги тўғрисидаги қўшимча киритилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси органларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга доир ваколатлари белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун ер участкаларидан самарали фойдаланиш ҳамда пиллачилик ва тутчиликни янада ривожлантириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш имкониятларини кенгайтиради.
Н.Абдураимова,
ЎзА