Янги барпо этилаётган йўллар ва қурилаётган кўприклар нафақат узоқни яқин қилади, балки шаҳар инфратузилмаси яхшиланишига хизмат қилади.
4Р12 Бектемир – Чирчиқ, Ғазалкент – Чорбоғ қўрғони автомобиль йўли Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги курорт зоналар, дам олиш масканлари ва сиҳатгоҳларга элтувчи асосий марказий йўл ҳисобланади.
Бу йўлда автомобилларнинг суткалик ҳаракат жадаллиги 8-10 мингтани, дам олиш ва байрам кунлари эса 17 мингтагача автомобиль ҳаракатини ташкил этади. Табиийки, бу ҳолат йўл ҳаракати иштирокчиларига тирбандлик туфайли ноқулайлик келтириб чиқаради.
Шу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳар минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси буюртмасига асосан бош пудратчи “Ўзйўлкўприк” кластерининг Тошкент вилояти филиали давлат муассасаси томонидан 4Р12 Бектемир – Чирчиқ, Ғазалкент – Чорбоғ қўрғони автомобиль йўлининг 33-34 км қисмида 30,5 метр узунликдаги ер ости йўли қурилиш ишлари бошлаб юборилган эди.
Автомобиль йўллари қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаеванинг маълум қилишича, Тошкент шаҳридан чиқиш жойидаги Янги Ўзбекистон кўчаси ва 4Р12 автомобиль йўли чорраҳасида қўшимча тармоқ йўллари қурилишининг биринчи босқичи якунланди.
Қайд этилишича, йўлнинг асосий қатнов қисми 23,7 метр бўлиб, туннелнинг ҳар икки томонидан икки тасмали қатнов йўлга қўйилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 11,5 миллиард сўмни ташкил этади.
– Туннель орқали оғир автомашиналар ва хавфли юк ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади, – дейди “Ўзйўлкўприк” кластерининг Тошкент вилояти филиали етакчи мутахассиси Абдумажид Ҳожиев. – Улар чорраҳадан ўтиши керак. Чунки, юк ташувчи автотранспортларнинг ҳаракат меъёрларини такомиллаштириш мамлакатда йўлларнинг хизмат муддатини оширишга ва уларни таъмирлашга ажратилган харажатларни камайтиришга олиб келади. Янги туннелдан ўтиш учун йўлдан ўнгга қараб кетиш керак. Энди ҳайдовчилар чорраҳада тўхтаб туриши шарт эмас. У ерда дам олиш кунлари светофорнинг бир неча ёниб-ўчишини кутишга тўғри келарди. Ўйлайманки, мазкур туннель ҳайдовчи ва йўловчилар учун бир қанча қулайликлар яратади. Тирбандликларнинг олди олинади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/uWU9zVg0Zlo" title="Haydovchi va yoʻlovchilar uchun qulayliklar yaratildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш учун 4R12 йўлидан Янги Ўзбекистон кўчасига чиқиш имконияти яратилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА