Гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний айланишининг олдини олиш борасида божхона органлари томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими томонидан ДХХ ҳамда ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига доир навбатдаги ҳуқуқбузарлик ўз вақтида бартараф этилди.
Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда "Nexia 2” русумли автотранспорт воситасида йўловчи сифатида ҳаракатланиб келаётган фуқаро Э.И.га тегишли буюмлар белгиланган тартибда кўздан кечирилди.
Текширув жараёнида фуқаронинг ёнидан бир дона қора рангли пакет ичида 1 дона бўлак ўрамдаги ўткир ҳидли модда борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Экспертиза хулосасига кўра, далилий ашё сифатида олинган модда оғирлиги 660,82 граммга тенг “гашиш” гиёҳвандлик моддаси эканлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноий иш қўзғатиб, тергов органларига юборилди.
Ф. Убайдуллаев,
ЎзА мухбири