Ҳуқуқий муносабат
Қонунчиликка кўра, болалигидан ногиронлиги бўлган, доимий парваришни талаб этадиган фарзанди билан бирга яшаб, уни тарбиялаётган ота ёки онага даромад солиғи камайтирилади.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу ҳақда батафсил тушунтириш берди.
– Солиқ кодексининг 380-моддасига кўра, болалигидан ногиронлиги бўлган, доимий парваришни талаб этадиган фарзанди билан бирга яшаб уни тарбиялаётган ота ёки онага даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича солиқ солишдан озод этилади.
Масалан, болалигидан ногиронлиги бўлган, доимий парваришни талаб этадиган фарзанди билан бирга яшаб уни тарбиялаётган ота ёки она 4 миллион сўм маош олса, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 баравари миқдори, жумладан, 1 миллион 50 минг ёки 1 миллион 480 минг 500 сўмдан 12 фоиз даромад солиғи ушланмайди. Қолган 2 миллион 519 минг 500 сўмдан эса 12 фоиз даромад солиғи ушланади.
Яъни, агар ногирон фарзанди бор фуқаро 4 миллион маош олса, 480 минг сўм эмас, балки тахминан 302 минг даромад солиғи тўлайди.
Бу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки соғлиқни сақлаш муассасасининг доимий парвариш зарурлигини тасдиқловчи тиббий маълумотномаси асосида берилади.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуни 12-моддасига кўра, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналари уларни саккиз ёшгача тарбиялаган бўлса — иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда башарти, аёл ўгай ўғил ва ўгай қизни улар 8 ёшга тўлгунига қадар камида 5 йил тарбиялаган бўлса, пенсия тайинлашда улар ҳақиқий фарзандлар билан тенг равишда ҳисобга олинади.
Демак, агар болаликдан ногирон фарзандни 8️ ёшгача тарбиялаган оналар иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда 50 ёшдан имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА