Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда юқори палатанинг эллик тўртинчи ялпи мажлисини 2024 йил 10 июль куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган ялпи мажлисда қатор масалаларни муҳокама қилиш кутилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, сенаторлар томонидан “Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам муҳокама қилинади.
Шу билан бирга, сенаторлар “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви ва аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига божхона брокери фаолиятини ҳамда халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш бўйича фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунларни ҳам кўриб чиқишни режалаштирмоқда.
Навбатдаги ялпи мажлис кун тартибидан “Фитосанитария талаблари енгиллаштирилиши муносабати билан “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”, “Маъмурий ислоҳотлар доирасида таълим соҳасида давлат бошқаруви такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар ҳам ўрин олган.
Бундан ташқари, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, Туркманистон ва Туркия билан тузилган битимларни ратификация қилиш ҳақидаги қонунлар кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Сенат аъзолари Тошкент шаҳрида тадбиркорликни ривожлантириш ва экологик вазиятни яхшилаш юзасидан амалга оширилган ишларни муҳокама қилади.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш ҳолати юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижаларини ҳамда ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг айрим масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласини кўриб чиқади.
Н.Абдураимова, ЎзА