Эндиликда электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, сақлаш, электр энергияси билан таъминлаш, марказий харидорнинг функцияларини бажариш, электр энергияси савдоси, импорти ва экспорти лицензия асосида амалга оширилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, энергетика бозори иштирокчиларининг мақоми, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги қонун билан мустаҳкамланмоқда.
Ушбу тартибларни ўз ичига олган “Электр энергетика тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Унга кўра, электр энергияси бозорини ташкил этишга оид қоидалар, электр энергетикаси соҳасида тарифларни шаффоф тамойиллар асосида шакллантириш тартиблари назарда тутилмоқда.
Фракция аъзолари қайд этганидек, киритилаётган янги нормалар саноатни ривожлантириш, иқтисодий ўсишни таъминлаш, ишончли, хавфсиз ҳамда барқарор электр таъминоти тизимини яратишга хизмат қилади.
М. Комилова, ЎзА