Ўзбекистон бетакрор табиати, бой маданияти ва дунёнинг етти иқлимида донг таратган тарихий, миллий архитектураси билан ҳар доим сайёҳлар эътибор марказида бўлиб келган. Қолаверса, халқимизнинг ҳунармандчилик анъаналари, қадриятларга асосланган ўзига хос турмуш тарзи аксарият туристларда катта иштиёқ ва таассурот уйғотади.
Хабарингиз бор, сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш ва бу борада ҳудудлар инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда нафақат мўъжизакор юртимиз табиати, тарихий шаҳарлар, шунингдек, шаҳар ва туманларнинг марказий кўчаларидаги кўнгилочар масканлар, туристлар учун ўзига хос қулайликларнинг яратилиши сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда. Айниқса, кейинги пайтларда гастрономик туризмга қаратилаётган эътибор пойтахт кўчаларида янги манзара ва қиёфа касб этаётир.
Таъкидлаш жоиз, “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳам туризм тармоғини ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, пойтахтда туризм хизматлари ва инфратузилмасини ривожлантириш учун Юнусобод туманида 24/7 хизмат кўрсатиш маркази ҳамда гастрономик кўча ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилди.
Узунлиги 1,2 километрни ташкил этган “Сайилгоҳ” ва “Зарафшон” кўчаларини гастрономик кўчаларга айлантириш учун 2,8 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бугунги кунда мазкур кўчаларда жами 69 та шохобчалар мавжуд. Шундан 25 та енгил конструкцияли хизмат кўрсатиш шохобчалари, 2 та велосипед ва самокатлар учун мўлжалланган тураргоҳлар, 25 тадан ортиқ кўнгил очар масканлар (аттракцион, батут ва х.к.) 8 та умумий овқатланиш шохобчалари, 2 та фудтрак, шунингдек, 7 та бошқа турдаги хизмат кўрсатиш объектлар ўрин олган. Шу билан бирга мазкур кўчада гастрономик туризмни янада ривожлантириш имкониятлари мавжуд.
– Аслида шаҳримизнинг энг марказий нуқтасида жойлашган бу кўча ёшлигим билан боғлиқ, – дейди Шукрулла Нарзуллаев. – Шу боис бу ерга тез-тез келиб тураман. Талабалик давримни эслайман. Хотиралар ўша-ўша бўлгани билан бу ернинг манзараси, қулай шароити ўзгарган. Гавжум, ҳам катталар, ҳам болалар дам оладиган энг чиройли кўчага айланган. Миллий ҳунармандчилик намуналаридан тортиб, замонавий хизмат турларигача ҳаммасидан баҳраманд бўлиш мумкин. Шунинг учун бу кўчадан кексаю ёш аримайди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мазкур ҳудуд билан боғлиқ яна бир қатор режалар бор. Жумладан, кўчанинг замонавий кўринишдаги дизайнини янада такомиллаштириш, йўл кўрсаткичлари ўрнатиш, Wi-Fi” зоналари, замонавий ёритиш тизими, велойўлакларни ташкил қилиш, пиёдалар ва туристлар учун шароит яратиш билан боғлик таклифлар ўрганилмоқда.
Қолаверса, ушбу гастрономик кўчада қўшимча тадбиркорлик субъектлари, бўш ер майдонларида енгил конструкцияли бошқа турдаги хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этиш режалаштирилган. Натижада 130 та янги иш ўрни яратилади. Туманда хизмат кўрсатиш ҳажми йилига 1,7 миллиард сўмга ошади. Асосийси, йиллик ташриф буюрувчилар сони 300 мингтага етади.
“Ўзмиллийбанк”АЖ
Матбуот хизмати