АОКАда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ахборот хизмати раҳбари Ботирали Муҳаммадалиев иштирокидаги брифингда танлов борасида маълумотлар тақдим этилди.
Мутахассисга кўра, мазкур стипендия танлови учун ўринлар ажратилишида бугунги кунда Ўзбекистонда танқис ҳисоблаган мутахассисликлар бўйича, жумладан иқтисодиётнинг драйвер соҳаларига (энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, архитектура-қурилиш) STEM (илм-фан, технология, инженерия ва математика) фанлари ва бошқа устувор мутахассисликларга алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилишича, “Эл-юрт умиди” жамғармаси жорий йилги 1-очиқ стипендия танловида 500 ўрин ажратмоқда. Хусусан, 2024-2025 ўқув йилида хорижда таълим олиш учун энг нуфузли хорижий давлатларда:
– бакалавриат таълим дастури учун 100 ўрин,
– магистратура таълим дастури учун 250 ўрин,
– докторантура таълим дастури учун 150 ўринга стипендиялар ажратилади.
Стипендия танловига номзодлар ҳужжатларини қабул қилиш жорий йилнинг 25 июнидан 25 июлга қадар, барча ҳудудлар вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида онлайн режимда ва электрон тарзда қабул қилинади. Номзодлар ҳужжатларни топшириш жараёнида бугунги кунда амалда бўлган хорижий таълим муассасасига ўқишга қабул қилингани ёки шартли қабул қилингани тўғрисидаги таклифнома-хат (Lеttеr оf аccеptаncе ёки Lеttеr оf cоnditiоnаl аccеptаncе), нуфузли университетларда ўқиётган номзодлар хорижда таълим олаётганини тасдиқловчи маълумотномаларни юклаши талаб этилади.
Номзодлар томонидан тизимга юкланадиган хорижий таълим муассасасига ўқишга қабул қилингани ёки шартли қабул қилингани тўғрисидаги таклифнома-хат (Lеttеr оf аccеptаncе ёки Lеttеr оf cоnditiоnаl аccеptаncе) ёки маълумотномаларда таълим олишни бошлаш даври ва таълим оладиган мутахассислик номи аниқ кўрсатилиши лозим.
Номзодлар томонидан нуфузли университетлардан ўқиш харажатлари бўйича грантлар (чегирмалар) мавжуд бўлган тақдирда мазкур маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни юклашлари шарт. Бакалавриат дастурида иштирок этадиган номзодлар мактабни, лицей ва коллежни тугатганини тасдиқловчи аттестат ва дипломлар билан иштирок этиши талаб этилади.
Жорий йилнинг 25 июлидан 24 августга қадар саралаш танлови жараёнларини ўтказиш, жумладан номзодларнинг интеллектуал, таҳлил қилиш ва ижодий қобилиятлари даражасини аниқлашга қаратилган қўшимча тест синовлари ҳамда назарий билим ва амалий кўникмалари даражасини аниқлашга қаратилган давлат тилида суҳбат ўтказиш белгиланган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 2018-2023 йилларда 1 минг 900 нафарга яқин стипендиат дунёнинг 45 га яқин давлатида, жумладан 320 га яқин университетда таҳсил олиши ташкил этилди. Бугунги кунга келиб, уларнинг 1 минг 277 нафари Ўзбекистонга қайтиб, хорижда олган илғор билим ва кўникмаларини иқтисодиётнинг турли соҳалари ва тармоқларида самарали қўлламоқда.
Айни вақтда 535 нафардан ортиқ стипендиат АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Япония, Испания, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг энг нуфузли таълим ва тадқиқот, инновация ва амалиёт масканларида таълим олмоқда
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА