Муносабат
Бугунги кунда Ўзбекистон минтақавий ва халқаро даражадаги ташкилотлар сафида шунчаки иштирокчи мақомида эмас, ташаббускор аъзо мамлакат сифатида ҳам алоҳида эътироф этилади.
Хусусан, Ўзбекистон бундан беш йил муқаддам Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлиб кирган эди. Ўтган қисқа даврда 30 дан ортиқ муҳим йўналишларда ўзаро манфаатли ва кенг қамровли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Ташкилотнинг келгуси фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор ташаббуслар илгари суриб келинмоқда.
Сўнгги йилларда Туркий давлатлар ташкилоти тўлақонли халқаро тузилма сифатида шаклланди. У минтақалараро ва глобал аҳамиятга эга тинчлик ҳамда ҳамкорлик минбари бўлиб қолмай, балки жаҳон иқтисодий ўсиш марказларидан бирига айланди. Бу ўзгаришлар, жумладан, Ўзбекистоннинг ушбу тузилмадаги сиёсий ва иқтисодий ўрни туфайли амалга ошмоқда.
Ушбу ташкилот ривожи ҳамда аъзо мамлакатлар тараққиётида жорий йилнинг 6 июль куни Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг “Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали барқарор келажакни бунёд этиш” шиори остидаги норасмий саммити ва унинг доирасида илгари сурилган ташаббусларнинг ўрни юқори албатта.
Саммит доирасида аъзо мамлакатлар етакчилари томонидан ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий шерикликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида ушбу учрашув туркий дунёнинг маданият пойтахтларидан бири бўлган Шуша шаҳрида ўтказилаётганида чуқур маъно мужассамлигини таъкидлаб, Президент Илҳом Алиев раҳбарлигида Қорабоғда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини юксак баҳолади.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари ушбу саммит глобал хавф ва хатарлар ортиб, ўзаро ишонч инқирози тобора кучайиб бораётган бир шароитда ўтаётгани, бундай мураккаб вазиятда азалий қардошлик руҳидан куч олаётган алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, умумий ёндашувларни ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этаётганини таъкидлади.
Ташкилот доирасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, савдо ва транспорт йўлларини ривожлантиришда Транскаспий халқаро транспорт йўлаги орқали юк ташиш ҳажми муттасил ошиб бораётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Бизнес учун энг маъқул тарифларни жорий этиш ушбу йўлакнинг рақобатдошлиги ва жозибадорлигини кескин оширишга хизмат қилади. Ташкилот доирасида Темир йўл маъмуриятлари кенгашини тузиш ва унинг дирекциясини Тошкент шаҳрида жойлаштириш таклиф этилди.
Шу билан бирга, бугунги кунда барча дунё мамлакатлари кун тартибидаги муҳим масалалардан бири саналган иқлим ўзгаришларига қарши биргаликда курашиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Боиси, ташкилот ҳудуди иқлим ўзгаришидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан бири саналади. Ушбу муаммога эса биргаликда ечим излашда тизимлилик асосидаги ёндашувнинг ўрни муҳим. Шу боис, мамлакатимиз етакчиси томонидан ташкилотга аъзо мамлакатларнинг вазирлари даражасида Туркий экология кенгашини тузиш, мазкур тузилма қароргоҳини экологик офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд – Оролбўйидаги йирик шаҳар Нукусда жойлаштириш таклифи билдирилди.
Шунингдек, Президентимиз муқобил энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида “Яшил энергетика сари туркий ҳаракат” концепциясини қабул қилиш, туркий халқлар истиқомат қилаётган минтақаларда барқарорликни сақлаш каби бир қатор йўналишларда ҳам ўз таклифларини билдирди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ташкилотга аъзо мамлакатлар етакчилари ўртасида бундай мунтазамлик касб этиб келаётган мулоқотлар томонлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қолаверса, минтақада ва унинг ташқарисида тинчликни таъминлаш, ташқи сиёсат масалалари бўйича умумий позицияларни қабул қилиш ҳамда умумий мақсадларга тааллуқли барча соҳаларда самарали минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Махфират ХУШВАҚТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА