Пойтахтимизда спортнинг армрестлинг тури бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси ўтказилди. Унда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг 10 га яқин курсантлари ҳам фаол иштирок этиб, ғолиблар қаторидан жой эгаллади.
Аҳолини оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш, фуқароларнинг соғлом турмуш тарзи кўрсаткичларини ошириш ҳамда соғлом авлод тарбияси учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилган мусобақада 15 та вазн тоифасида 400 дан ортиқ спортчилар иштирок этди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, академиянинг 3-батальон курсанти Ислом Ибодов 70 кг вазн тоифасида чап қўл билан фахрли биринчи ўринни, 3-батальон курсанти Достон Ҳамроқулов 70 кг вазн тоифасида ўнг қўл билан ҳамда 2-батальон курсанти Жамшид Кенжаев 60 кг вазн тоифасида ўнг қўл билан фахрли иккинчи ўринни эгаллади.
Шунингдек, 2-батальон курсанти Оламгир Амонов 90 кг вазн тоифасида чап қўл билан ва 2-батальон курсанти Абдулазиз Абдумўминов эса 60 кг вазн тоифасида чап қўл билан фахрли учинчи ўринни эгаллади.
Умумий натижаларга кўра, академия жамоаси 1 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медали соҳиби бўлди. Ушбу мусобақада фахрли биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган совриндорлар Осиё кубоги мусобақасига йўлланмани қўлга киритди.
Гулноза Бобоева, ЎзА