2022 йил 9 сентябрда Президентимизнинг «Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинган.
Мазкур фармон билан мамлакатимизда хусусий инвесторларга қуввати 5 МВтгача бўлган микро ва кичик гидроэлектр станцияларни қуриш лойиҳалари рўйхати ва улардан фойдаланиш бўйича янги механизм жорий этилди.
Шунга асосан қатор аукцион савдолари ўтказилиб, ғолиблар аниқланмоқда.
«Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқарма бошлиғи Аваз Зокировнинг маълум қилишича, ўтган вақт давомида хусусий сектор иштирокида 200 та микро ГЭС лойиҳасининг рўйхати шакллантирилган ва бу борада амалий ишлар бошлаб юборилган.
– Президентимизнинг мазкур фармони ижросида кичик ва микро ГЭСларни қуриш истагидаги тадбиркорларга ерларни 20 йил муддатга ижарага бериш, улар ишлаб чиқарган электр қувватини давлат томонидан кафолатли сотиб олиш тизими жорий қилинди. Шу кунга қадар 60 га яқин микро ва кичик ГЭСни қуриш бўйича ташаббускорлар аукцион савдолари орқали аниқланган. Айни кунларда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва тадбиркорлар иштирокида 30 га яқин объектда қурилиш-монтаж ҳамда қолган объектларда лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда, – деди А.Зокиров.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан умумий қуввати 12,5 МВтли 22 та микро ва кичик ГЭС лойиҳалари ишга туширилган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида умумий қуввати 9,5 МВт бўлган 9 та лойиҳа фойдаланишга топширилган. Йил якунига қадар яна умумий қуввати 15 МВт бўлган 10 та микро ГЭСни ишга тушириш кўзда тутилган.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/E4Ij4suVZkE?si=EhwQU2MiUo5uhncS" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Насиба Зиёдуллаева, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА