Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Риштон туманида ички ишлар бўлими хонасига олиб кирилган фуқаро ҳушини йўқотиб, жонлантириш бўлимига ётқизилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хўш, ҳолат қандай рўй берганди? Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Исмоилжон Шарипов бу борада қўйидагиларни маълум қилди.
Маълум бўлишича, 4 июль куни Риштон туманининг “Гумбаз” маҳалласида фуқаро Р.М. “Cobalt”да қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб, “Тўхташ таъқиқланади” йўл белгиси таъсир доирасига автомашинани қўймоқчи бўлганда, ички ишлар органлари ходимлари унга ҳуқуқбузарлигини тушунтирмоқчи бўлган.
Бироқ Р.М. ходимларнинг қонуний талабини бажармасдан, ҳақорат қилиб, транспорт воситасини шу ерда турган фуқаролар ва ИИБ ходимлари устига ҳаракатлантирган. Шундан сўнг ҳуқуқбузарлик содир этаётган шахс зарарсизлантирилиб, мажбурий тарзда ички ишлар органлари таянч пунктига олиб борилган. Таянч пунктига унинг акаси М.Р. ҳам келиб, бақир-чақир қилиб, ходимларга қаршилик кўрсатган.
Шу пайт Р.М.нинг тутқаноғи тутиб ўзини йўқотган (фуқаро Р.М.нинг муқаддам автоҳалокат оқибатида орттирилган эпилепсия касаллиги бўлган). Унга тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
Тиббий кўрик жараёнида фуқарога жароҳат етказилган ҳолат аниқланмаган. Ҳозирда фуқаро Р.М. ва акаси М.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183, 194, ва 195-моддалари тартибида ҳужжатлар расмийлаштирилиб қонуний чора кўриш учун судга юборилган.
Ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун хизмат текшируви тайинланган.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири