Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Йўл ҳаракати қоидалари бузилишига доир чиқарилган қарор ва юборилган хабарномалар юзасидан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига электрон мурожаат қилишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб йўл ҳаракати қоидалари бузилишига доир чиқарилган қарор ва юборилган хабарномалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон мурожаат қилиш имконияти яратилади.
Мазкур хизмат ДЙҲХХнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини “Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграллашган платформасига интеграция қилган ҳолда ЯИДХП орқали кўрсатилади.
Жисмоний ва юридик шахслар йўл ҳаракати қоидалари бузилишига доир чиқарилган қарор ва юборилган хабарномалар юзасидан ДЙҲХХга анъанавий (оғзаки ёки ёзма) тарзда мурожаат қилишлари мумкин.
Мазкур қарор билан Йўл ҳаракати қоидалари бузилишига доир чиқарилган қарор ва юборилган хабарномалар юзасидан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига электрон мурожаат қилишнинг маъмурий регламенти ҳам тасдиқланди.
Регламентда:
йўл ҳаракати қоидалари бузилишига доир чиқарилган қарор ва юборилган хабарномалар юзасидан ЯИДХП орқали электрон мурожаат қилиш тартиби;
йўл ҳаракати қоидалари бузилишига доир чиқарилган қарор ва юборилган хабарномалар юзасидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби белгилаб берилган.
2024 йил 30 августга қадар йўл ҳаракати қоидалари бузилишига доир чиқарилган қарор ва юборилган хабарномалар юзасидан электрон мурожаат этиш учун зарур бўлган ахборот тизими яратилади.
ЎзА