Давлатимиз раҳбари 5-6 июль кунлари Шуша шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг “Транспорт ўзаро боғлиқлиги ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш орқали барқарор келажакни барпо этиш” мавзусидаги норасмий саммитида иштирок этади.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур анжуманда Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ва кузатувчи давлатлар раҳбарлари, ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев иштирок этиши кутиляпти.
Тадбир давомида кўп томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация ва инвестиция-молия соҳаларида, шунингдек “яшил” иқтисодиёт, қайта тикланадиган энергетика, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида янада кенгайтириш йўллари муҳокама қилинади.
Шунингдек, ШҲТ билан муносабатлар истиқболи ва салоҳияти, ТДТ давлатлари ўртасидаги икки ва кўп томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олган.
Делегациялар раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб мавзуларни ҳам кўриб чиқади.
Тадбир якунида қатор қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши, хусусан, Саммит якуни бўйича Қорабоғ декларацияси ва бошқа қатор муҳим ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.