Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси, ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари “Айритом” чегара божхона постининг кириш автопавильонига кириб келган юк автотранспорт воситасини белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказди.
Кўздан кечириш чоғида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бошқарувидаги автотранспорт воситаси кабинасининг яширин жойида 7 ўрамда сариқ рангли скоч билан ўралган шубҳали нарса борлиги маълум бўлди. Улар очилиб, махсус электрон тарозида ўлчаб кўрилганида 3 та ўрамда 3 килограмм оғирликдаги “опий” ва 4 та ўрамда 4 килограмм 950 грамм оғирликдаги “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
– Гиёҳвандлик воситалари контрабандасининг олдини олиш ва унга чек қўйиш учун божхона органлари ходимлари ўз бурчларини сергаклик билан бажармоқда, – дейди вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шохрўз Ўралов. – Бунинг натижасида воҳа ҳудудига турли “заҳри қотил” моддалар кириб келишининг олди олиниб, тегишли чора кўрилмоқда. Қўшни давлат билан чегарадаги божхона постида юз берган мазкур ҳолат ҳам бунга яққол далилдир.
Айни пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар дастлабки текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири