Подмосковьедаги “Крокус сити холл” концерт залида юз берган теракт вақтида жабр кўрган оилаларнинг 100 нафар фарзанди Тошкент вилоятининг болалар соғломлаштириш оромгоҳларида икки ҳафта дам олди.
Болаларнинг бу саёҳати Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан мамлакатимизнинг бир қатор вазирлик ва идоралари кўмагида ташкил этилди. “Uzbekistan Airports” компаниясининг маълумотларига кўра, болаларни кутиб олиш ва кузатиш маросимлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси томонидан “Тошкент” халқаро аэропорти билан ҳамкорлигида ташкил қилинди.
“Крокус сити холл”даги террорчилик ҳужуми 2024 йил 22 март куни Москва вақти билан тахминан соат 20:00 ларда содир бўлган. Босқинчилик оммавий ўқ отишлар ва портлашлар билан давом этди. Террорчилар бинода бўлган тинч аҳолига қарата ўт очган, томоша залига ўт қўйган, сўнг эса бинони тарк этиб, автомобилларига ўтирган ва кўздан ғойиб бўлган. Ҳужум оқибатида камида 145 нафар киши, жумладан олти нафар бола ҳаётдан кўз юмган. 550 нафардан ортиқ киши тан жароҳати олган. Портлашлар ва ёнғин натижасида бинонинг концерт зали бутунлай вайрон бўлган.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА