2024/2025 ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ўтказиш бўйича фуқаролардан келган саволларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова жавоб берди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, рухсатнома абитуриентнинг my.uzbmb.uz сайтидаги шахсий кабинетида шакллантирилади. Абитуриент рухсатномасида имтиҳонлар ўтказиладиган манзил, куни ва вақти тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлади. Ҳозирда касбий/ижодий имтиҳонларга кирадиган абитуриентлар шахсий кабинетларидан рухсатномани юклаб олиши мумкин.
Бунда онлайн рўйхатдан ўтишдаги телефон рақам логин ўрнида ҳамда ўзлари қўйган паролни киритган ҳолда шахсий кабинетга кириб, рухсатномани юклаши мумкин. Агарда телефон сим-картаси йўқолган ва парол ёддан кўтарилган бўлса, алоқа компаниясига бориб, рўйхатдан ўтган рақамни қайта тиклаш (сим-картани янгилаш) мумкин. Шунингдек, Билимни баҳолаш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлимларига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан мурожаат қилганда, мурожаатчи сўраган бошқа телефон рақамига ўзгартириб берилади.
Тест синови куни айрим сабабларга кўра бошқа вилоятда бўлиб қолган абитуриент ўша вилоятда тест синовидан ўтса бўладими?
Йўқ, абитуриент онлайн рўйхатдан ўтиш вақтида қайси вилоятни белгилаган бўлса, айни шу ҳудудда ташкил этилган имтиҳонда қатнашиши мумкин. Боиси, шу абитуриент учун тест материаллари айни у белгилаган ҳудуд учун ажратилган бўлади ва уни алмаштириш имкони мавжуд эмас.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, бу йил ҳам абитуриентлар кириш имтиҳонларининг якуний натижалари чиққандан сўнг, мутахассислик фанларига мос 5 тагача йўналишни танлаш имконияти эга бўлади. Бунинг учун уларга тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун муҳлат берилади. Ушбу муддат давомида абитуриентлар олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА