«Ўзбеккосмос» агентлиги делегацияси БМТ Космик фазодан тинчлик мақсадларида фойдаланиш қўмитасининг сессиясида иштирок этди.
Агентлик раҳбарияти сессиядаги нутқи давомида соҳага оид бўлган долзарб йўналишларга урғу берди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотида.
Тадбирда Ўзбекистонда таълим йўналишига сармоя киритилаётганлиги ва университетлар билан ҳамкорлик орқали бўлажак космик мутахассислар тайёрланаётгани ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, 2024 йил сўнгига қадар Давлат космик мониторинг дастурини миллий даражага олиб чиқиш, ерни масофадан зондлаш ва GIS каби космик иловалардан фойдаланган ҳолда, атроф-муҳитни яхшилаш масалалари таъкидлаб ўтилди. Бундан ташқари, UN ESCAP доирасида «Ўзбеккосмос» агентлигининг Виртуал сунъий йўлдош туркуми лойиҳасидаги иштироки офатдан олдин хавфларни аниқлаш ва бошқаришда катта ёрдам бериши қайд этилди.
Маълумот сифатида Туркий давлатлар ташкилоти доирасида қўшма лойиҳа устида ишланаётгани ва ёшларни илҳомлантириш, соҳага жалб қилиш мақсадида космик лагерлар ташкил этилаётганига ҳам урғу берилди.
«Azercosmos» билан ҳамкорликда космик технологиялардан фойдаланган ҳолда иқлим ўзгариши таъсирини кузатиш лойиҳаси ҳам мавжуд бўлиб, сессияда ушбу лойиҳа ишга туширилаётгани ҳам айтиб ўтилди. Соҳани ривожлантириш мақсадида БМТга аффилланган Марказий Осиё космик фан ва технология таълим марказини Ўзбекистонда ташкил этиш таклифи берилди.
Дунёда сув ресурсларини самарали бошқариш учун ҳам космик технологиялардан кенг фойдаланилади. Орол денгизи инқирозининг экологик таъсирини ҳисобга олиб, мазкур йўналишда ҳам алоҳида ишлар амалга оширилмоқда.
Шу маънода тадбирда 2027 йилда сув ресурсларини бошқаришда космик технологиялар бўйича еттинчи конференцияни Ўзбекистонда ўтказиш таклиф этилди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА