Божхона тўловларидан тақдим қилинаётган имтиёзлар маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун назарда тутилган. Аммо, бу бошқа турдаги товарларни ҳам айни шу имтиёз асосида олиб кириш имконини бермайди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси тезкор тузилмалари республикамизга йирик миқдордаги тўқимачилик матоларини божхона тўловларисиз олиб киришга бўлган уринишларнинг олдини олди.
“Арк булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида аниқланган дастлабки ҳолатда пойтахтимиздаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига келтирилган 106 минг м.кв. ўлчамдаги матолар божхона кўригидан ўтказилди.
Натижада, ушбу товарларга тегишли кодлар божхона юк декларациясида нотўғри қайд этилгани аниқланди. Шу тариқа қиймати 2 миллиард 128 миллион сўмлик матоларни имтиёз асосида, яъни божхона тўловларисиз олиб киришга бўлган уринишнинг олди олинди.
Мазкур постда аниқланган худди шундай яна бир ҳолатда божхона юк декларациясида товар кодини нотўғри таснифлаш орқали қиймати 784 миллион сўмлик салкам 13 тонна матоларни божхона тўловларисиз олиб киришга бўлган уринишнинг олди олинди.
Эслатиб ўтамиз, пойтахт божхоначилари жорий йилда аниқланган 4,4 мингдан зиёд божхона қонунбузилиш ҳолатларида қиймати 141 миллиард сўмдан зиёд бўлган товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйишган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА