Ўзбекистонда 2024 йилнинг 5 ойи давомида жами 359 нафар мактаб ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳатлари олган. Бу ҳақда 25 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида маълум қилинди.
Қайд этилишича, мажлисда автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати таҳлил қилинган. Шунингдек, унда мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Транспорт, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари ҳамда Бош прокуратура ва Ҳисоб палатаси масъул раҳбар ходимларининг ахборотлари эшитилган.
Таъкидланишича, умумий ўрта таълим мактабларининг 9 548 таси транспорт қатнови кўп ҳудудларда жойлашган ва аксарият мактаблар олдида пиёдалар учун йўлаклар мавжуд эмас, тегишли светофорлар ўрнатилмаган.
Бунинг оқибатда жорий йилнинг 5 ойи давомида жами 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳатлари олган.
Маълумотларга кўра, 2024 йил 1 январь ҳолатига республикадаги жами 209,3 минг км. автомобиль йўлларининг 56,1 минг км. қисми ёки 27 таси таъмирталаб ҳолатдалиги аниқланган.
2023 йил ва 2024 йилнинг 5 ой давомида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг масъул ходимлари томонидан йўл инфратузилмаси билан боғлиқ қарийб 11 000 га яқин камчиликлар аниқланган бўлиб, уларни бартараф этиш юзасидан автомобиль йўллари эгаларига жами 5 500 та ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилган.
Мутасаддилар томонидан тақдим этилган ахборотларда қайд этилганидек, автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли 2023 йилда жами 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган.
Содир этилган 9 839 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 9 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 282 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Энг ачинарлиси, 2023 йилда болалар билан боғлиқ 1 794 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1 568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган.
Жорий йилнинг 5 ойида эса мамлакат бўйича содир бўлган умумий йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ҳар 100 минг аҳолига 7,2 тани ташкил этган бир пайтда ушбу салбий кўрсаткич Тошкент шаҳрида 12,8 тани, Тошкент вилоятида 12,2 тага, Наманган вилоятида 9,1 тага ва Фарғона вилоятида 8,4 тага етган.
Ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоғи Самарқанд, Тошкент (80 тадан), Фарғона (69 та), Қашқадарё ва Сурхондарё(53 тадан) вилоятларида ҳамон юқорилигича қолмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/K_HkryHwMP0" title="Oʻzbekistonda 5 oyda 65 nafar maktab oʻquvchisi YTH oqibatida halok boʻldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳокамалардан сўнг, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг ушбу камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклифлари акс этган қарори қабул қилинди.
Жумладан, икки ой муддатда Тошкент шаҳри, Фарғона, Тошкент ва Наманган вилоятларида йўл-транспорт ҳодисаларининг ошиши сабабларини чуқур ўрганиб, уларни бартараф этишга қаратилган аниқ чораларни белгилаш ва масъулларнинг жавобгарлигини янада кучайтириш кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоғи ортиб бораётган ҳудудларда вазиятни яхшилаш бўйича қўшимча чоралар кўриш, йўлни белгиланмаган жойда кесиб ўтиш ҳолатларини камайтириш мақсадида амалдаги давлат стандартларини халқаро талаблар асосида қайтадан кўриб чиқиш ва бошқа вазифалар белгиланди.
М.Турдалиева, У.Тўхтаев (видео), ЎзА