Германияда ўтаётган Европа чемпионатининг нимчорак финалида Франция 1:0 ҳисобида Бельгияни мағлубиятга учратди ва чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Ўйиннинг 85-дақиқасида бельгияликлар ҳимоячиси Ян Вертонген ўз дарвозасини ишғол қилди. Ушбу гол Францияни чорак финалга олиб чиқди.
Шунингдек, Португалия терма жамоаси мазкур босқичда Словенияга қарши майдонга тушди. Гарчи португалияликларда бир қанча голли вазиятлар содир бўлган бўлсада, ўйинда ҳисоб очилмади ва ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланди. Унда Португалия 3:0 ҳисобида зафар қучди.
Шу тариқа, чорак финал босқичида Португалия ва Франция ўзаро рақобатлашадиган бўлди.
Бугун, «Евро-2024»нинг нимчорак финалидан ўрин олган Нидерландия – Руминия (21:00), Туркия – Австрия терма жамоалари баҳси бўлиб ўтади. Ушбу баҳсларда ғолиб бўлган жамоалар чорак финалда бир-бирига тўқнаш келади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА