2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун
Фарзандга яхши тарбия бериш, ватанпарварлик руҳида улғайтириш ҳар-бир ота-она учун масъулиятли вазифа саналади. Болани ниҳолга ўхатишлари ҳам бежиз эмас. Бошида қандай униб-ўсса натижаси ҳам шунга яраша бўлади. Кейин тўғрилаш мушкул юмуш.
Бошланғич синфда расм дарси. Устоз ўқувчиларга давлатимиз герби суратини чизишни топширди. Барча тез тараддудланди.
Ўқитувчи шогирдларига гербдаги ҳар бир ранг ва белгининг мазмунини англаб олса, уни чизиш осон бўлишини тушунтирди.
– Гербнинг марказида саодат, ҳиммат, олижаноблик, омад тимсоли бўлган афсонавий Ҳумо қуши қанотларини ёзиб турибди, – дейди ўқитувчи. – Ҳумони азалдан бахт ва давлат қуши сифатида тасаввур этамиз. Ўнг томондаги қийғос очилган пахта ва сўл томондаги ғарқ пишган буғдой бошоқлари беқиёс бойликларимиздир. Бу, шунингдек, халқимизнинг меҳнати ҳалол, ризқи бутун эканидан далолат беради. Энди гербнинг юқори қисмига эътибор қилинг. Бу ерда саккизбурчак – мусамман, унинг ичида ярим ой ва юлдуз ўз аксини топган. Ярим ой қўлга киритилган мустақиллигимизни, юлдуз эса халқимиз ҳамиша комилликка интилиши ва саодатга элтувчи йўлни танлаганини англатади.
Олдинги партада ўтирган болакай устозининг фикрларини давом эттирди.
– Дарёлар, яшил водийнинг маъносини мен айтай, – дейди у. – Яшил водий – обод турмушимиз рамзи. Қуёш – серқуёш замин, халқимиз интилаётган нурафшон манзилларга ишора.
Ўртароқда ўтирган қизалоқ тенгдошининг гапини “илиб” кетди.
– Пурвиқор тоғлар оралаб оқаётган дарёлар эса ҳаёт боқийлигининг тимсолидир, – дейди у дона-дона қилиб. – Гербнинг пастки қисмида, байроғимизни эслатувчи чамбар бандида зарҳал ҳарфлар билан “Ўзбекистон” сўзи битилган...
Дарҳақиқат, Мустақиллигимиз рамзларидан ғурурланган ёшлар келгусида ҳар бир ишда шижоатли бўлади. Мамлакат равнақига камарбаста бўлиб улғаяди.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги қонуни 1992 йил 2 июлда қабул қилинган. Халқимиз бу санани тарихий воқеа сифатида ҳар йили ёдга олади, нишонлайди.
Тарихимиз ва миллий қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган давлатимиз герби халқимиз озодлигининг яна бир тимсоли сифатида тарихдан жой олган санага ҳам ўттиз икки йил бўлди.
Давлат герби тасвири мамлакатимиздаги барча давлат ташкилоти бинолари пештоқига ўрнатилган. Герб тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролик паспортида, қонунда белгиланган бошқа ҳужжатларда жой олган.
Ҳар бир юртдошимиз гербимизда акс этган юксак маъно-мазмундан чексиз ғурур туяди.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА