“Металлург” МСда жорий йилнинг 28 июнь куни давлатимиз раҳбари ташаббуси билан суратга олинган “Баҳодир Ялангтўш” тарихий-бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди.
ОКМК раҳбарияти ташаббуси билан ташкил этилган кино премьерасида кино ижодкорлари ҳам иштирок этди. Жумладан, ушбу тарихий-бадиий фильмда бош ролни ижро этган спортчи ва актёр Ҳабибулла Низомов томошабинларга фильмни суратга олиш жараёни ҳақида батафсил маълумот берди.
Фильм Регистон мажмуаси бунёдкори, Самарқандга ҳокимлик қилган саркарда Баҳодир Ялангтўшнинг ҳаёт йўли ва фаолияти тўғрисида бўлиб, унда асосан Ялангтўшнинг моҳир ҳарбий саркардалиги ҳамда унинг саройида бўладиган фитналарга урғу берилган. Мазкур фильм режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов томонидан уч йил давомида суратга олинган ва бу жараёнларда катта жамоа ишлаган.
Тадбир давомида киноижодкорларга комбинат раҳбарияти ва ишчи-ходимлари номидан миннатдорчилик билдирилиб, эсдалик совғалари берилди.
Кино ижодкорлар шу куни комбинат музейи ва Қалмоққир ва Ёшлик-1 конларида бўлиб комбинат фаолияти билан танишишди.
“Баҳодир Ялангтўш” тарихий-бадиий фильми комбинат ишчи-ходимларида катта таассурот қолдирди.
– Ўзбек режиссёрларимиз ҳам мана шундай тарихий киноларни суратга олишини кўриб хурсанд бўлдим, – дейди Дилором Урашева. – Бу ўзбек киносининг ютуғи деб, ўйлайман. Кино орқали буюк аждодимиз Баҳодир Ялангтўш ҳақида маълумотга эга бўлдим. Айниқса, ҳар бир актёр ўз ролини зўр маҳорат билан ижро этган. Кино премьера намойиши учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман.
ОКМК Ахборот хизмати