Асли россиялик машҳур тадбиркор ва дастурчи, Сент-Китс ва Невис, БАА ва Франция давлатлари фуқароси Павел Дуров Ўзбекистонга бир неча кунлик ташрифи бўйича таассуроти билан ўртоқлашди.
Маълум бўлишича, унга юртимиз жуда ёққан. Павел сафари давомида олган суратлари билан ҳам бўлишган.
– Ўзбекистонда “Telegram”ни яхши кўришади. Мамлакат иқтисодиёти аҳолининг 70 фоиздан кўпи фойдаланадиган бизнинг платформамиз билан қисман боғлиқ, – деган Дуров. – Ҳар бир бизнес тармоғида “Telegram-бот” ёки канал мавжуд. Биз бу машҳурликдан фахрланамиз ва бунга жавобан Ўзбекистонга меҳримизни изҳор қиламиз.
Шунингдек, таниқли меҳмон тез ривожланаётган Тошкентнинг замонавий қиёфаси, Ўзбекистон шарқидаги тоғли ландшафт ҳамда тарихий шаҳарлар – Бухоро ва Самарқанддан ҳайратга тушганини билдирган.
– Мен кўплаб ёш, иқтидорли, қалби қайноқ инсонларни учратдим. Илиқ қабулдан жуда мамнунман. Умид қиламанки, йил охирида қуёшли Тошкентга яна келаман.
Дарвоқе, Павел Дуров Ўзбекистонга келишидан бироз олдин Қирғизистонда ҳам бўлди.