Ғазодаги вазият
Исроил давлати аскарлари Ғазодаги урушини давом эттирар экан, энг кўп қийналаётган қатлам болалардир. Улар яхши озиқ-овқат, яшаш шароити, хавфсизлик ва таълимдан маҳрум қилинган.
Британиянинг “Save the Children” ёрдам гуруҳи Ғазода 21 мингга яқин бола бедарак йўқолганини маълум қилди. Гуруҳ ҳисоботида минглаб болалар вайроналар остида қолиб кетгани, портловчи моддалар таъсирида таниб бўлмас даражага келгани ва маълум бир қисми оммавий қабрларда кўмилгани айтилган.
БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги маълумотига кўра, Исроил армияси уйидан мажбуран кўчирилган фаластинликлар бошпана топган Ғазо мактабларининг 69 фоизига зарба берган. Исроил ҳужумлари асосан фуқаролик инфратузилмаси, таълим масканлари ва касалхоналарга йўлланмоқда.
Ўтган ҳафта давомида яна 4 нафар бола очликдан вафот этган. Исроил аскарларининг Ғазога ҳужуми натижасида жами 37 551 фаластинлик ҳаётдан кўз юмган. Уларнинг камида 15 694 нафари бола, 10 279 нафари аёл. Яраланганлар 85 911 киши экани қайд этилган. Минглаб жасадлар вайроналар остида қолмоқда.
Тугаб бораётган ҳафта бошида ҲАМАС раҳбари Исмоил Ҳания оиласининг уйи нишонга олинган ва 10 киши ҳалок бўлган эди.
Бенямин Нетаняҳу ҲАМАС билан ҳар қандай келишувга эришилган тақдирда ҳам ҲАМАС йўқ қилинмагунча Ғазодаги уруш давом этишини таъкидлаган.
Байден ва Трамп “жанги”
Ҳафта охирида Америка Қўшма Штатларининг амалдаги ва собиқ президенти Жо Байден ҳамда Доналд Трамп ўртасида сайловолди биринчи дебат бўлиб ўтди.
Бир ярим соатлик суҳбат бошланишидан олдин Демократ Байден ва Республикачи Трамп қўл бериб кўришишдан бош тортишган. Муҳокама қилинган асосий мавзулардан бири Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг сиёсати бўлган. Трамп Путиннинг Украинадаги урушини тугатиш бўйича қабул қилиб бўлмайдиган шартлар эълон қилганини маълум қилган.
Собиқ президентнинг фикрича, Кремл Украинанинг бутун ҳудудини босиб олишга қодир ва Россия Трамп даврида ҳеч қандай ҳарбий операциялар бошламаган.
Ўз навбатида, Байден Москванинг Украинадаги юришидан сўнг Беларусга таҳдид қилишига ишонч билдирган.
“Москва Украинадан кейин ҳам тўхтамайди. Полша билан нима бўлади? Беларусга нима бўляпти? Сизнингча, НАТО мамлакатлари билан нима содир бўлади? Владимир Путин Совет империясининг қисмларини қайта тикламоқчи”, деган Байден.
Доналд Трамп Жо Байденнинг музокара вақтидаги нутқига эътибор қаратар экан, иммиграция ҳақидаги сўзларини тўлалигича ифодалаб бера олмаганини қўшимча қилган.
“Ростини айтсам, у гапининг охирида нима деганини билмайман. Менимча, унинг ўзи ҳам нима деганини билмайди”, дейди собиқ президент.
Сиёсатчилар дебат давомида бир-бирларининг исмини айтмасликни афзал кўрган. Фақатгина бир марта Трамп Байденга “Жо, сен бизнинг мамлакатимизни ўлдирдинг!” деган.
Собиқ президентга кўра, ҲАМАСни йўқ қилиш учун Исроилга имкон бериш керак.
АҚШ Демократик партияси вакиллари президент Жо Байден учун муваффақиясиз дебатлардан сўнг унинг номзодини алмаштириш масаласини муҳокама қила бошлаган.
“Демократлар президент Жо Байденнинг омадсиз чиқишидан сўнг шунчалик ваҳимага тушдики, ҳатто уни алмаштириш ҳақида баҳслашмоқда”, дейилади "Politico" нашрида.
Байденнинг ўзи ҳам музокарада яхши иштирок эта олмаганини тан олиб, энди аввалгидек эмаслигини айтган.
Россия-Украина уруши
Таҳлилчилар сўнгги ойларда Путин дипломатик урушда мағлубиятга учраётганини гапирмоқда. Айниқса бу унинг Шимолий Кореяга ташрифидан кейин қайта авж олди.
Халқаро жиноят судининг Кремл расмийларига қарши санкциялари, Европа Иттифоқи санкцияларининг 14 пакети эълон қилиниши ва Украина иттифоқчиларининг Киевни қўллаш бўйича қарорлари шулар жумласидан. Ундан ташқари жанг майдонида кескин олдинга силжишлар кузатилмаяпди.
“Украина “урушни чўзиш”ни истамаябди, иттифоқчилар билан биргаликда ишлаб чиқилаётган тинчлик режаси бир неча ой ичида тайёр бўлиши керак”, деган Зеленский Брюсселдаги конференцияда.
“Бизнинг вақтимиз кўп эмас, бизда жанг майдонида ва тинч аҳоли орасида яраланганлар, ҳалок бўлганлар кўп. Шу сабабли уруш йиллар давомида давом этишини хоҳламаймиз”, деган Украина раҳбари.
Айтилишича, иккинчи тинчлик йиғилиши 2024 йил охиригача ўтказилади ва унга Россия ҳам таклиф этилади.
Расмий Кремл эса НАТО билан урушга тайёрланаётган бўлиши мумкин. “Foreign Affairs” нашрига кўра, Путин Ғарбнинг заифлашгани ва тарқоқлиги ҳақида гапириб, алянс давлатларига қарши уруш бошлашга тайёрлиги ҳақида гапирган.
Нашрнинг айтишича, Вашингтон ва Брюсселдаги душманларини мағлуб этиш учун Путин НАТО аъзоларидан бирига ҳужум қилиши керак. Исми номаълум экани айтилган россиялик расмий кейинги нишон Эстония ёки Латвия бўлиши мумкинлигини қўшимча қилган.
Ғарб ҳам вазиятни кўзатиб, шунга монанд тайёргарлик кўрмоқда.
Эронда сайлов
28 июн куни Эрон Ислом Республикасида муддатидан олдин президентлик сайловлари бўлиб ўтди.
Унда Ғарб билан алоқаларни ривожлантириш тарафдори бўлган Маъсуд Пезешкиан етакчилик қилмоқда.
Мамлакат сайловларида 14 миллион овоз санаб чиқилганидан сўнг собиқ соғлиқни сақлаш вазири ва парламент аъзоси Маъсуд Пезешкиан 5,9 миллион, унинг асосий рақиби концерватив Саид Жалилий эса 5,5 миллион овоз тўплаган. Бирорта номзод мутлақ кўп овоз тўпламагани учун тез орада сайловнинг иккинчи тури ўтказилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/3EBw6g3cEzw?si=rkL0ss4VchXL0ELI" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Сардорбек Поёнов, Нишонбой Абдувоитов, Анвархўжа (видео), ЎзА.