Россия Федерациясининг Якутск шаҳрида давом этаётган “Осиё болалари” ўйинларининг учинчи кунги мусобақаларида ўзбекистонлик спортчилар таэквондо, мини-футбол баҳсларида муваффақиятга эришди.
Сузиш, маст-рестлинг каби спорт турларида эса ҳамюртларимизга омад кулиб боқмади.
Шундай бўлса-да ортда қолган самбо ва таэквондо мусобақаларидаги муваффақият туфайли ҳамюртларимиз 6 та олтин, 5 та кумуш ва 7 та бронза медали ҳисобига умумжамоада етакчиликни давом эттирмоқда.
Учинчи кунги ўйинлар дастуридан ўрин олган мини-футбол баҳслари қизиқарлилиги билан кўплаб мухлислар диққат-марказида бўлди.
Ўзбекистон мини-футбол терма жамоаси аъзолари илк учрашувни Сибир федерал округи вакилларига қарши ўтказди.
Мазкур ўйин 9:5 ҳисобида ҳамюртларимиз ғалабаси билан якунланди.
“Осиё болалари” ўйинларининг тўртинчи кунги беллашувларида ҳамюртларимиз спорт курашлари, енгил атлетика, маст-рестлинг, сузиш каби қатор спорт турларида иштирок этади.
Мусобақалар 7 июлга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА