Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган Сўқоқ қишлоғи гарчи пойтахтдан салкам 50 км узоқликда жойлашган бўлсада мавсумда 10 минглаб сайёҳларни ўзига жалб этади. Яъни, ҳар йили ўртача бир миллион маҳаллий ва хорижий сайёҳ бу ерларни зиёрат қилади. Хўш, бунинг сири ўзи нимада? Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида Сўқоқ томонларга йўл оламиз.
Йўл-йўлакай кети узилмайдиган улкан узум плантацияларга кўзимиз тушади. Ўзбекистонда ушбу мева асосан Фарғона ва Самарқанд вилоятларида, суғориладиган ерларда парвариш қилинади. Паркентнинг ўзига хос ҳавоси узумни лалми майдонларда етиштириш имконини беради. Ушбу нав таъми ва серсувлиги, меваларининг зичлиги ва мафтункор ранглари билан бошқа ҳудудларникидан ажралиб туради. Табиий муҳитда пишиб етилган “Паркент узумлари” нафақат юртимизда балки кўплаб хорижий мамлакатларда ҳам маълуму машҳур. Бу масканда асосан агротуризм кенг ривожланган. Август ойида ўтказиладиган узум сайилларига ушбу туман мезбонлик қилади. Албатта, бундай тадбирлар кўплаб маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг эътиборини тортмай қолмайди.
Сўқоқ қишлоғи минг йиллик тарихга эга. Айтишларича, бу масканларда авваллари оқ кийиклар кўп бўлгани учун шундай ном олган. Бу ернинг яна бир зийнати “Чашма” булоғидир. Унинг салқин ҳовуридан бироз нафас олиш, шаҳарнинг шовқинидан йироқда бўлиш учун гастрономик объектларга, яъни турнақатор сўриларга келаётган сайёҳларнинг кети узилмайди. Бунинг асл сабаби “Сўқоқ кабоби”дан тановул қилиб, сўнгра унинг ноёб табиатига сайр қилишдир. Сайёҳлар оқими айниқса баҳор ойларида “Кўк сомса” ва “Мадор сомса” мавсумида кўп бўлади.
Дарҳақиқат, Сўқоқ қишлоғининг гастрономик туризм имкониятлари ҳам жуда юқори. Чашманинг майин ҳароратидан, ширин таом лаззатидан баҳра олиб, ёзнинг иссиқ кўнларини сўлим гўшада ўтказишга нима етсин!
“Сўқоқ эко маскани” ҳам ана шундай сайёҳлар эътиборини тортадиган жой. Шаҳарнинг шовқинидан чарчаганлар учун она табиат қўйнида, сайроқи қушларнинг овозларини эшитиб, яшиллик оламидан баҳра оладиган жой.
- Бугунги кунда Паркент тумани ўзининг туризм салоҳияти бўйича нафақат республикамизда, балки Ўрта Осиё ва Европа давлатларида ҳам донғи кетган, - дейди Паркент тумани ҳокимининг матбуот котиби Ботир Шоғуломов. – Айниқса, гастрономик туризми билан машҳур. Баҳор фаслида кўк сомса ва мадор сомса тановул қилиш учун республикамиздан ва чет давлатлардан туристлар ташриф буюришади. Бугунги кунда туманда гастрономик туризм, экотуризм, агротуризм, зиёрат туризми ва бу йилдан экстремал туризм қўшилди. Жумладан, Ҳисорак қишлоғида “Жампинг”, яъни арқондан ташлаш экстремал туризми ташкил этилди. Яна Самсарак қишлоғида ҳаво шарида сайр қилиш йўлга қўйилди.
Статистик маълумотларга қарайдиган бўлсак 2021 йилда туманга 300 минг нафарга яқин туристлар ташриф буюрган бўлса, соҳага эътибор натижасида 2023 йилда сайёҳлар оқими салкам 1 млн нафарга етди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/8rrLTCRIPVk?si=qFtEeR_Dgc0Puu2B" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов, Аслиддин Алижонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА