Жиззах вилоятининг Зомин туманида 27 июнь куни II Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Бу анжуман давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ва биринчи фестиваль 2018 йил Шаҳрисабзда ўтказилган эди. Кейинчалик пандемия туфайли кечиктирилган санъат қурултойи бу йил янгича руҳ ва шукуҳ билан қайтди.
Миллий мақом санъати халқимиз маданий меросининг ажралмас қисмига айланган. У ўзининг узоқ тарихи, теран фалсафий илдизлари, бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда ўзига хос ўринга эга.
Шу жиҳатдан ҳам бу анжуманни нафақат мамлакатимиз ва халқаро майдондаги санъат аҳли, балки халқимиз ҳам катта қизиқиш билан ўтказади.
Ушбу санъат байрами муносабати билан қатор маданий тадбирлар, илмий-амалий конференциялар ўтказилади. Хусусан, Зоминсой мажмуаси ҳудудида мамлакатимизнинг ўн тўрт ҳудудига хос аҳоли турмуш тарзи, анъана ва урф-одатларини ифода этувчи этнографик шаҳарча-павильонлар барпо этилди. Уларда маданият ва санъатни намойиш этувчи буюмлар ҳам намойиш этилди.
Кичик саҳналарда театрлаштирилган томошалар, фольклор жамоаларнинг чиқишлари ҳавола этилмоқда. Иштирокчилар мақом санъатига оид турли кўргазмалар, ҳунармандчилик буюмлари, қадимий сўзана ва либослар, гиламлар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари билан танишди.
Ҳудудларнинг қадимий меъморий ёдгорликлари макетлари, табиат неъматлари – мева-чевалар кўргазмаси, самимий суҳбатлар меҳмонларни ҳайратга солади.
Кеч туша бошлади. Анжуман муносабати билан безатилган Зоминсой мажмуасидаги амфитеатр эртакнамо қиёфага кирмоқда. Навбатдаги Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросимига чорлов мусиқаси янграйди. Саҳнага байрамда иштирок этаётган мамлакатлар вакиллари таклиф этилади.
Тантанали очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, мақом санъатининг тарихи ва аҳамиятини эътироф этди.
– Бизнинг қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз, азалий қадриятларимизнинг рамзи бўлган мақом санъати теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди. Мақом – умумбашарий туйғуларни авж пардаларда тараннум этадиган нодир санъат тури сифатида ҳам биз учун ғоят қадрлидир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мақом санъати мусулмон Шарқидаги Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида жадал ривожланиб, юксак чўққига кўтарилган. Абу Наср Форобий ўзининг “Катта мусиқа китоби”да куйларнинг назарий ва амалий мезонларини уд сози орқали мукаммал тартибга келтирган. Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк алломаларимиз ноёб мусиқий асарлар яратиб, мақом ривожига беқиёс ҳисса қўшган.
XX асрда бу анъаналарни Абдурауф Фитрат, Юнус Ражабий каби санъатшунос олимлар, Ҳожихон Болтаев, Комилжон Отаниёзов, Турғун Алиматов, Фаттоҳхон Мамадалиев ва бошқа ҳофизлар муносиб давом эттирган.
Давлатимиз раҳбари мақом санъатини асраб-авайлашда атоқли давлат арбоби Шароф Рашидовнинг катта ҳиссаси борлигини таъкидлади. Ўша оғир даврларда Тошкент давлат консерваториясида мақом санъатини илмий ўрганишга ва халқаро миқёсда тарғиб этишга асос солинган. Мақом ансамбли ташкил этилган. Ўлмас “Шашмақом” дурдоналари нотага олиниб, 6 жилддан иборат мукаммал китоб нашр қилинган.
Мумтоз мусиқа санъатининг гултожи бўлган бетакрор мақомларимиз ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.
Президентимиз эътибори билан ушбу санъат равнақи янги босқичга чиқди. Бугунги кунда мақом бутун мамлакатимиз бўйлаб, бошланғич таълимдан тортиб, академик фан даражасигача бўлган босқичларда узлуксиз тарзда ўрганилмоқда. Тошкент шаҳрида Мақом маркази қурилмоқда. Бу йўналишда сермаҳсул ижод қилаётган бастакор, хонанда ва созандаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида миллий танловлар ўтказиб келинмоқда.
Давлатимиз раҳбари ҳаётини ана шундай шарафли ва масъулиятли ишга бағишлаган санъаткорларга бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдирди.
– Эзгулик ва гуманизм байроғи остида бирлашган, санъатни бутун борлиғи билан севадиган барча ижод аҳли учун ушбу фестиваль, ҳеч шубҳасиз, катта байрамдир. Мақомлар жаҳон мусиқа ихлосмандлари руҳининг туганмас куч-қувват ва илҳом манбаи бўлсин, – деди Президент.
Маросимда ЮНЕСКО Бош конференцияси 42-сессияси президенти Симона Микулеску, АЙСЕСКО Бош директори Салим Муҳаммад ал-Малик ҳам сўзга чиқиб, иштирокчилар ва меҳмонларни қутлади.
Шунингдек, анжуманда ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Туркий маданият ва мерос фонди президенти Актоти Раимкулова, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси Бош котиби Меҳмет Суреййа Эр, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби ўринбосари Нурлан Сейтимов, Туркия Президентининг бош маслаҳатчиси Ялчин Топчу, Қозоғистон Президентининг маслаҳатчиси Малик Отарбаев, Тожикистон Президентининг ижтимоий ривожланиш, маданият ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Абдулло Раҳмонзода, Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Олтинбек Максутов, Озарбайжон маданият вазири Адил Габил ўғли Каримли қатнашди. Умуман, фестивалда Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Африка қитъаларининг 80 дан ортиқ мамлакатидан қарийб 400 нафар меҳмонлар иштирок этмоқда.
Тантанали тадбир мумтоз куй-қўшиқлардан тузилган концерт билан давом этди.
Тадбирда, шунингдек, хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги элчилари ва вакиллари, таниқли маданият арбоблари, машҳур ижодий гуруҳлар, истеъдод соҳиблари, фестивални кенг ёритиш мақсадида юртимизга келган оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мамлакатимиздаги барча йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар маданият соҳаларида ҳам изчил давом этмоқда. Бу анжуман эса турли халқ ва миллатлар ўртасида ўзига хос маданий мулоқот майдонига айланаётгани таъкидланди.
30 июнга қадар давом этадиган анжуманда иштирокчилар турли номинациялар бўйича ўзаро баҳслашади. Якунда халқаро ҳайъат аъзолари «Энг яхши мақом ансамбли», «Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси» ва «Энг яхши яккахон хонанда» йўналишлари бўйича ғолибларни эълон қилади.
Кўрик-танлов ғолиблари ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва пул мукофотлари билан тақдирланади.
Шунингдек, анжуман доирасида «Мақом санъатининг назарий ва амалий асослари: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияси, мақом санъати усталари иштирокидаги бадиий чиқишлар, давра суҳбатлари бўлиб ўтади.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдужалол ҚАЮМОВ,
ЎзА мухбирлари