Бироз аввал Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида Осиё қитъаси учун Жаҳон чемпионатининг 3-саралаш босқичига қуръа ташланди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун “A” гуруҳида Эрон, Қатар, БАА, Қирғиз Республикаси, КХДР термаларига қарши баҳс олиб борадиган бўлди.
Қуръа натижаси бир қараганда биз учун бироз омадли бўлди, десак муболаға бўлмайди. Тўғри, сўнгги йилларда мамлакатимизда футболга қаратилаётган улкан эътибор самарасида ўзбек футболи анча ўсди. Буни Олимпия ва миллий терма жамоаларимизнинг ёрқин ғалабалари мисолида кўришимиз мумкин.
Хўш, бу галги босқичда имкониятларимиз қандай?
Аввало, Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинлар тақвими билан таништирсак:
2024 йил:
1-тур. 5 сентябрь. Ўзбекистон — КХДР
2-тур. 10 сентябрь. Қирғизистон — Ўзбекистон
3-тур. 10 октябрь. Ўзбекистон — Эрон
4-тур. 15 октябрь. Ўзбекистон — БАА
5-тур. 14 ноябрь. Қатар — Ўзбекистон
6-тур. 19 ноябрь. КХДР — Ўзбекистон
2025 йил:
7-тур. 20 март. Ўзбекистон — Қирғизистон
8-тур. 25 март. Эрон — Ўзбекистон
9-тур. 5 июнь. БАА — Ўзбекистон
10-тур. 10 июнь. Ўзбекистон — Қатар
Тақвим ҳам футболчиларимиз учун анча қулай. Дастлабки ўйин ўз майдонимизда, иккинчи тур эса қўшни давлат Қирғизистонда бўлиши жамоамиз учун юқори имконият туҳфа этиши шубҳасиз. Бу каби мусобақаларда дастлабки икки тур ўта муҳим ва ушбу учрашувларда барча жамоалар бор эътиборини ғалабага қаратади.
Энди эса гуруҳдаги рақибларимиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Илк турдаги рақибимиз КХДР термаси билан жами 11 маротаба ўзаро тўқнаш келганмиз. Ушбу ўйинларнинг 6 таси ўртоқлик, 4 таси Жаҳон чемпионати саралаши ва биттаси Осиё кубоги доирасида ўтказилган. Мазкур баҳсларда вакилларимиз 7 маротаба ғалаба қозонган бўлса, 3 дуранг ва 1 маротаба мағлуб бўлган. Эътиборли жиҳати шундаки, илк марта 1998 йили ўтган Ўзбекистон – КХДР учрашувида 4:0 ҳисоби қайд этилган бўлса, сўнгги баҳс 2019 йилда ташкил этилган ва унда ҳам вакилларимиз 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Статистикалардан кўриниб турибдики, барча жиҳатларда Ўзбекистон терма жамоаси устун.
Иккинчи турдаги рақибимиз, Қирғизистон терма жамоасидир. Қўшниларимиз билан футболчиларимиз биринчи бор 1994 йили тўқнаш келган ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Шунингдек, бугунга қадар ўтган барча 8 учрашув термамизнинг муваффақияти билан якунланган. Шу сабабли ҳам 10 сентябрь куни бўлиб ўтадиган ўйин гарчи сафарда бўлишига қарамасдан Ўзбекистон миллий терма жамоаси устунлигида ўтиши тахмин қилинмоқда.
3-турдаги рақибимиз қитъа миқёсидаги турли мусобақаларда доимий равишда бизга рақиб бўладиган Эрон термаси. Ушбу жамоа билан ўтган 14 ўйинда бор-йўғи 1 ғалаба, 3 дуранг қайд этган бўлсак, бошқа учрашувларда имкониятни бой бериб қўйганмиз. Лекин, вакилларимиз 2026 йилги Жаҳон чемпионати Осиё қитъаси учун ўтган саралаш баҳслари иккинчи босқичида 2 та учрашувда Эрон билан дуранг натижа қайд этди. Ўйин борасида ҳам анча устунликка эга бўлди. Ўйлаймизки, 10 октябрь куни мамлакатимизда ўтадиган Ўзбекистон ва Эрон баҳсида футболчиларимиз узоқ кутилган ғалабага эришади.
Жорий йилнинг 15 октябрь куни саралаш баҳсларининг 4-турида ўз майдонимизда БАА билан куч синашамиз. Бу жамоа билан ўзаро ўйинлардаги статистикамиз ҳам унчалик яхши эмас. Ўтказилган 9 та ўйинда 2 тадан ғалаба ва дуранг қайд этган футболчиларимиз қолган ўйинларда афсуски мағлуб бўлган. Бироқ, 2020 йил ўтган ўртоқлик ўйинида термамиз 2:1 ҳисобида зафар қучган. Ўтган 4 йил мобайнида БАА жамоаси ўйинлари бироз пасайган бўлса, Сречко Катанец бошчилигидаги терма жамоамиз ўйинида ўсиш кузатилди. Умид қиламизки, БААга қарши ўтадиган ўйинда футболчиларимиз керакли натижага эришади.
Барча ўзбек футбол ихлосмандлари кутаётган Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари баҳси саралашнинг 5-турида ўтадиган бўлди. Нега барча кутаётган ўйин дейсизми? Бунга изоҳ берсак. Жорий йил Қатарда ўтган Осиё кубоги чорак финалида футболчиларимиз мусобақа мезбонларига тўқнаш келиб, пенальтилар сериясида аламли тарзда имкониятни бой бериб қўйган эди.
14 ноябрь куни мамлакатимизда ўтадиган Қатарга қарши ўйинда мухлислар ўша аламли мағлубиятни унутиб, термамиз ғалабасини тантана қилади.
Ўзбекистон ва Қатар ўртасида ўтказилган умумий 15 ўйинда 9 марта терма жамоамиз зафар қучган бўлса, 4 та ўйинда имкониятни бой бериб қўйган ва қолган 3 учрашув дуранг билан ўз якунига етган.
Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси саралаш баҳсларининг 3-босқичидан муваффақиятли ўтиш имкониятига эга. Шунингдек, сўнгги йиллардаги ушбу терма жамоалар қайд этган натижаларда ҳам футболчиларимиз катта устунликка эга.
Маълумот ўрнида: 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексика мамлакатларида бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида 48 та жамоа иштирок этиши белгиланган. Қитъамизга тўғридан-тўғри 8 та, қитъалараро плей-офф ўйинлари орқали эса битта ўрин ажратилган.
Осиё қитъаси учун Жаҳон чемпионатининг 3-саралаш босқичида 18 жамоа ҳар бирида олтита жамоадан иборат учта гуруҳга бўлинди ва улар давра тизимида (уй-сафар) баҳслашади. Ҳар бир гуруҳдан энг яхши иккита ўринни эгаллаган терма жамоа 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма олади.
Осиё саралаш гуруҳларидан учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган 6 та терма жамоа якуний босқичда ҳар бири уч жамоадан иборат иккита гуруҳга бўлинган ҳолда давра форматида кураш олиб боради. Осиё плей-офф босқичидан энг яхши икки ўринни эгаллаган жамоалар «ЖЧ-2026» йўлланмасига эга бўлади. Ҳар икки гуруҳдан иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар қитъалараро плей-оффда ОФК номидан иштирок этадиган жамоани аниқлаш учун ўзаро ўйин ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА