Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йил май ойида ишлаб чиқарилган электр энергияси ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 5,8 фоиз кўп бўлган.
Бироқ ижтимоий тармоқларда “май ойида электр энергияси ишлаб чиқариш ва табиий газ қазиб чиқариш камайди” деган мазмунда хабарлар эълон қилинди.
Мазкур хабарлар юзасидан вазирлик қуйидагиларни маълум қилди:
“2024 йил май ойида республикамизда 6,1 миллиард кВт•соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 337,9 миллион кВт•соат ёки 5,8 фоиз кўп. Шунингдек, республика истеъмолчиларига 5 миллиард кВт•соат электр энергияси етказиб берилди.
Мазкур кўрсаткич 2023 йилнинг шу давридагига нисбатан 297,1 миллион кВт•соат ёки 5,7 фоиз кам. Шу жумладан, иқтисодиёт тармоқларига 3,7 миллиард кВт•соат (92,2 млн кВт•соат кўп), аҳоли истеъмолчиларига 1,2 миллиард кВт•соат (393,7 млн кВт•соат кам) электр энергияси етказиб берилган. Яъни, аҳоли истеъмолчилари томонидан шунча ҳажмдаги электр энергияси тежалган. Қолган электр энергияси станцияларнинг ўз эҳтиёжлари ва ишлаб чиқаришдаги эҳтиёж ҳамда электр энергиясини узатишдаги сарф учун ишлатилган.
Кам етказиб берилганининг асосий сабаби шундаки, май ойида тарифлар ўзгариши фонида аҳоли истеъмолчилари электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланган. Саноат корхоналари эса прогнозга нисбатан белгиланган ҳажмларда электр энергияси истеъмол қилган. Ортиқча ишлаб чиқарилган мазкур электр энергияси қўшни давлатларга экспорт қилинди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда юртимизда 8 та қуёш фотоэлектр ва битта шамол электр станцияси ишга туширилган бўлиб, улар кундуз куни 2000 МВт (умумий ишлаб чиқаришнинг 20 фоизи)гача “яшил” энергия ишлаб чиқармоқда. Бунинг ёрдамида импорт ҳажми кескин камайди.
Айтиш мумкинки, бугунги кунда юртимизда электр энергия ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ. Аксинча, бундан буён мамлакатимизда “яшил” электр станциялар қуввати ошириб борилаверади ва электр энергияси истеъмолга (талабга) нисбатан кўпроқ ишлаб чиқарилишига эришилади. Шунингдек, май ойида 3 554,8 миллион метр куб табиий газ қазиб олинган. Бу ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 41 миллион куб метр камни ташкил этган.
Бунда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмлари камайиши Қандим газни қайта ишлаш заводи ва “Жарқудуқ” газни комплекс тайёрлаш қурилмасида режавий таъмирлаш ишлари ва бошқа технологик сабабларга асосан юзага келган.
Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА