Пойтахтимиздаги “InterContinental Tashkent” мажмуасида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда устоз журналистлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда медиа соҳа вакиллари, хорижий ОАВ ходимлари, республикамизда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, журналистика йўналишидаги олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
“InterContinental Tashkent” мажмуаси фойесида байрам руҳидаги баннерлар ўрнатилгани, китоблар кўргазмаси ўтказилаётгани, ОАВ ходимлари учун пресс-холл фаолияти йўлга қўйилгани эътирофга молик.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Президентимизнинг фармонига мувофиқ, мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантириш, халқимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлашда фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ журналистлар Ватанимизнинг орден ва медаллари билан тақдирланди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ушбу мукофотларни ўз эгаларига топширди.
[gallery-18007]
Дарҳақиқат, бугунги шиддатли даврда сўз ва матбуот эркинлигини, жамиятимизда очиқлик ва ошкораликни таъминлашда, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялашда журналистларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда.
Айни пайтда оммавий ахборот воситаларининг эркин ва самарали фаолияти учун зарур барча шароитларни яратиш юзасидан кўплаб ибратли ташаббуслар илгари сурилмоқда. Бугунги кунда матбуот соҳаси мудофаа, хавфсизлик соҳалари каби етакчи соҳага айланмоқда. Фаолият туридан қатъи назар, оммавий ахборот воситалари фаолияти қўллаб-қувватланмоқда.
Журналистларнинг эркин ва самарали ишлаши учун зарур бўлган шароит ва имкониятлар тўлиқ яратиб берилмоқда.
Мамлакатимизда ташкил этилаётган турли ижодий танловлар, медиа лойиҳалар журналистларнинг фуқаролик позициясини янада кучайтириш, уларни янги-янги ғоялар сари илҳомлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Тантанали тадбирда миллий журналистика, ноширлик, китобхонлик соҳалари ривожига кўрсатилаётган улкан эътибор соҳа вакилларини руҳлантириши билан бирга, улар зиммасига янада кўпроқ масъулият юклаши таъкидланди.
Ҳалол ва самарали меҳнатлар юксак эътибор ва эътирофда экани журналистларнинг янги марралар сари руҳлантириши қайд этилди.
Шу ўринда мамлакатимизда матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш, соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани алоҳида эътироф этилди.
– Бугун мен учун қўшалоқ байрам, – деди Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Наманган вилояти телерадиокомпанияси директори ўринбосари, "Дўстлик" ордени соҳиби Икром Содиқов. – Бобом Исҳоқхон Ибрат биринчилардан бўлиб Ўзбекистонга матбаа соҳасини олиб кирганди. Бугун вилоятлардаги телерадиоканаллар энг замонавий техник воситалар билан таъминланди. Журналистика соҳаси ривожи учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз.
– Бугун болалар нашрларига кўрсатилаётган эътибордан жуда мамнунман, – деди иккинчи даражали "Соғлом авлод учун" ордени соҳибаси, "Гулхан" журнали бош муҳаррири Заҳро Ҳасанова. – Тўғриси, бу мукофот мен учун кутилмаган бўлди. Болалардек беғубор дунё вакилларига хизмат қилаётганимдан бахтиёрман.
Тантанали маросимда таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар байрамга ўзгача руҳ бағишлади.
Назокат Усмонова, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА мухбири