Давлат хавфсизлик хизмати ташаббуси билан республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ноқонуний муомаладан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларини йўқ қилиш бўйича навбатдаги тадбир ўтказилди.
Янгиҳаёт туманида 26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда мутасадди идоралар ходимлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир олди мавзу юзасидан брифинг ташкил қилинди. Унда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар бўйича журналистларга батафсил маълумот берилди.
Қайд этилишича, республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан 2023 йил мобайнида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 10 минг 39 (8694) та ёки ўтган йилнинг мазкур даврига нисбатан 15,5 фоизга кўп ҳолат аниқланган бўлиб, 10 минг 11 (8681 ёки +15,3 фоиз) та ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган, 28 (13) та ҳолатда эса жиноий иш қўзғатиш қарори рад этилиб, маъмурий чоралар қўлланилган. Шу йили республикада гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласидан жами 10 тн 370,8 кг (2 тн 232,9 кг) миқдордаги гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган.
[gallery-17998]
Брифингда шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳвандлик воситалари ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал хоним ҳам сўз олиб, Ўзбекистонда гиёҳвандликка қарши кураш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.
Шундан сўнг наркотик воситаларни йўқ қилиш тадбирига навбат берилди. Маълум қилинишича, мазкур тадбирга қуйидагилар тайёрланган бўлиб, ёқиш йўли билан йўқ қилинди:
— 2 тонна 158 кг 447,2 гр. гиёҳвандлик воситалари, шу жумладан, 37 кг 567,58 гр. героин, 184 кг 697,11 гр. опий, 413 кг 834,34 гр. гашиш, 28,58 гр. кўкнор бошоғи, 95 кг 924,44 гр. кўкнор сомони, 11 кг 262,76 гр. кўкнор ўсимлиги кўсаклари, 424 кг 708.92 гр. марихуана ўсимлиги (ёғи билан), 961 кг 386,86 гр. каннабис ўсимлиги, 18,73 гр. каннабис мойи, 347,85 гр. тетрагидроканнабинол, 6,48 гр. кокаин, 0,14 гр. кодеин, 50,34 гр. трамадол, 0,69 гр. дезоморфин;
— синтетик гиёҳвандлик воситалари бўлган 3 кг 177,97 гр. а-PVP, 23 кг 186,64 гр. 4-метилметкатинон (мефедрон), 15,50 гр. спайс, 79,46 гр. МДМА, 38,99 гр. амфетамин, 2 кг 110,21 гр. метамфетамин, 1,2 гр. метадон ва 2,27 гр. калий перманганат прекурсори ҳамда 0,06 гр. зопиклон кучли таъсир қилувчи препарат;
— 28990 туп кўкнор ўсимлиги, 13251 туп каннабис ўсимлиги, 137 дона каннабис ўсимлиги бўлаклари шохлари, 36640 дона таблетка, 318 дона капсула, 39 дона ампула кўринишидаги гиёҳвандлик, психотроп моддалари ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари, 416 мл. таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжуд бўлган турли аралашмалар.
2024 йилда «Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024–2028 йилларга мўлжалланган Миллий стратегия» ишлаб чиқилди. Миллий стратегияда қайд этилган бандлар ижроси бўйича алоҳида тартибда Республиканинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда «Йўл харита» асосида Миллий стратегияни ҳаётга кенг татбиқ этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, 2024 йил 4 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларини самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракат ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги» резолюциясини қабул қилди.
Республиканинг анъанавий тажрибасига мувофиқ, суд жараёнида ашёвий далиллар сифатида ўтган гиёҳвандлик воситалари, суд ҳукми қонуний кучга киргач, бугунгидек махсус печларда ёқиб юборилади.
Умиджон Қурбонов,
Носир Ҳайдаров (фото), ЎзА