Сўз санъати, журналистика, таржимонлик маҳорати ўзаро уйғун соҳалардир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2024 йил 4 июнь куни қабул қилинган «Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида»ги қарори таржимонлик соҳасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида»ги қарорининг аҳамияти, долзарблигини нималарда кўрасиз?
– Кўпинча ҳар бир давлатнинг жаҳондаги ўрни ва мавқеи унинг қудрати, иқтисодий ва сиёсий ютуқларидан келиб чиқиб баҳоланади. Аммо ҳеч ким инкор эта олмайдиган яна бир омил борки, у ҳам бўлса, бу ютуқлар ўша миллатнинг ўз маданиятидан, тарихидан, буюкларидан, санъати ва адабиётидан юқори даражада фахрланиш ҳиссидан қувват олгани учун ҳам қўлга киритилади. Бугун Ўзбекистон дадил қадамлар билан жаҳон аренасига кўтарилиб бормоқда. Юртимизда маданиятимизга бўлган эътибор, санъат ва ва адабиётимизни тарғиб этишдаги мақтовга сазовор ташаббуслар ижодкор халқимиз онгида Янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш миллий ғояси атрофида жипслашишига олиб келди. Бугун улкан режалар ёш авлодни беҳад руҳлантирмоқда. Ватанимиз, таъбир жоиз бўлса, кучли даражада тўлқинланаётган денгизни эслатади. Истисносиз, ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шундай шароитда бадиий адабиётнинг роли жуда аҳамиятли бўлади. Шонли тарихимиз, буюк аждодларимиз, бугунги кунимиз, замонамиз қаҳрамонлари образини бадиий адабиётга, кинога олиб кириш, халқимизнинг миллий ғурурини уйғотувчи бадиий асарлар яратиш, уларни таржима қилиб юртимизнинг довруғини дунёга таратиш, буюк тарихимиз, қадим маданиятимиз тўғрисида жаҳон халқлари тасаввурини бойитиш ҳам қайсидир маънода, халқаро миқёсда давлатимизнинг обрўсини оширишга хизмат қилади.
Иккинчидан, биз – ўзбекларнинг ниҳоятда улкан адабий меросимиз бор, бу билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Агар шу меросдан фақат ўзимиз баҳраманд бўлиб, ўзимиз ўзимизни олқишлаб юраверсак, дунё адабиётидан узилиб қоламиз, ривожланиш ҳам тўхтайди, рақобат ҳам. Шуларни инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, бадиий таржима адабиёт аталмиш лочиннинг икки қанотидир. Бир қаноти миллий адабиётимизни жаҳон тилларига таржима қилиш бўлса, иккинчи қаноти жаҳон адабиёти дурдоналарини она тилимизга таржима қилиш орқали миллатдошларимиз тафаккурини бойитишдир. Икки қаноти соғлом, бақувват лочингина юксак-юксак парвоз қилади.
Афсуски, ХХ аср охирларидан бошлаб ўзбек таржимачилик соҳасида бироз пастлаш кузатилди. Таржимонларга эътибор камлигиданми ёки моддий жиҳат устуворлик қилдими, «Мен таржимон бўламан», дейдиган ёшлар камайиб кетди. Натижада таржима асарлари сони ортмади, ўзбек адабиётининг энг сара асарлари хорижий тилларга таржима қилинмади.
Бир таржимон дўстим айтган эди: «Яхши ёзувчи бўлсанг, Ўзбекистон халқ ёзувчиси бўласан, яхши шоир бўлсанг, халқ шоири бўласан, лекин таржимон бўлсанг, алоҳида унвон ҳам йўқ», деб. Ярим ҳазил, ярим чин бу гапларни чуқур мулоҳаза қилган ҳолда шуни айтишим керакки, ҳамма гап мукофот ёки моддий манфаатда эмас. Ижодкор халқи бойлик ёки шон-шуҳрат дардида ижод қилмайди, аммо меҳнати қадрланишини ҳамма хоҳлайди, жумладан, таржимонлар ҳам. Бадиий таржима ёзувчилик, шоирлик, драматургликдан ҳам қийинроқ. Бу икки ҳисса меҳнат, икки ҳисса илҳом ва истеъдод деганидир. Шоир Эркин Воҳидов айтганидек,
«Ой ўртанар – кўзларида ёш,
Бағри доғу юраги қийма.
Дер: «Ей фалак, мен эдим қуёш,
Нега мени қилдинг таржима?!», яъни таржимон бир хатоси ва нўноқлиги ортидан «қуёш»ни «ой»га айлантириб қўйиши мумкин. Шу боис маҳоратли таржимонларни қадрлаш, таржимон бўламан, деган ёшларга мотивация бериш жуда муҳим.
Бу борада Президентимизнинг 2024 йил 4 июнда имзоланган «Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида»ги қарори ғоят пухта ўйланган ва ўз вақтида қабул қилинган ҳужжатдир. Бу билан ҳам миллий адабиётимиз ривожланади, ҳам хорижлик таржимонлар ўзбек адабиётини таржима қилишга янада кўпроқ эътибор қаратадилар. Мукофот ўзбек адабиётининг насрий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима, ўзбек адабиётининг шеърий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима, ўзбек болалар адабиёти намуналаридан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима, хорижий тилларда яратилган насрий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима, хорижий тилларда яратилган шеърий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима, хорижий тилларда яратилган болалар адабиёти намуналаридан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима каби йўналишларда энг муносибларга топширилади.
Таржима узоқ муддатли жараёнлигини ҳисобга олиб, ушбу мукофот ҳар икки йилда бир маротаба топширилиши белгиланди. Ишончим комилки, бир неча йил ичида дунёнинг энг машҳур таржимонлари эътиборига тушадиган бу мукофот сабаб она тилимизни ўрганувчилар, миллий адабиётимиз муҳиблари сони сезиларли даражада ортади. Ўз навбатида, ўзимизнинг таржимонларимиз орасида ҳам соғлом рақобат муҳити шаклланади, таржима асарларининг сифати ортади.
– Ўзбек бадиий таржимачилик мактаби ҳақида фикрларингизни билмоқчи эдик. Бу мактаб ўзининг аввалги мавқеини тиклаши, уни янада юксалтириши учун нималарга эътибор бериш керак, деб ўйлайсиз?
– Ўзбек таржимашунослик мактабининг илдизлари жуда бақувват, бу илдизлар жуда қадим даврларга бориб тақалади. Жумладан, Маъмун академияси (IX аср) Дор ул-Ҳикматда Шарқ таржимонлик мактаби фаолият кўрсатган. Унда марказий осиёлик олимлар саъй-ҳаракатлари туфайли антик маданият намуналари араб тилига ўгирилиб, бутун Шарқда кенг ёйилганини эслаш жоиз. Аҳмад Фарғоний, Марвозий, Абу Райҳон Беруний ва шу каби улуғ олимларимиз дунёга машҳур асарларини яратиш билан бирга, таржима ишлари билан ҳам шуғулланишган. Маҳмуд Кошғарий, Рабғузий, Қутб, Навоий, Бобур, Мунис, Огаҳий каби адибларимиз ижодида ҳам таржима муҳим ўрин эгаллайди.
ХIХ – ХХ асрда бадиий таржима асарларни яратиш борасида йирик қадамлар ташланди. Ўзбек ёзувчиларидан Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шайхзода, Мирзакалон Исмоилий, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Али каби адиб ва шоирларимиз бу борада янги йўналиш, янги мактабга асос солдилар десак, муболаға бўлмайди. Айнан улар томонидан жаҳон адабиётининг энг дурдона асарлари ўзбек тилига ўгирилди.
Бир неча йил ичида юзлаб йирик насрий асарлар, ноёб шеърлар, дунёга машҳур пьесалар ўзбек китоблари қўлига етиб борди. Лекин соҳа мутахассисларидан тортиб оддий китобхонларгача сезган таржимадаги «сокинлик даври» адабиётимизда сезиларли йўқотиш бўлди. Албатта, бу даврда ҳам куч-ғайрат, завқ-шавқ билан бадиий таржима асарларини яратган Иброҳим Ғaфуров, Хайриддин Султонов, Рисолат Ҳайдарова сингари заҳматкаш таржимонларимиз меҳнатини ҳам алоҳида эътироф этиш даркор, лекин уларнинг муносиб издошларини тарбиялаш борасида бироз сусткашлик бўлгани рост.
2018 йил Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бизнинг университетимизда «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Мана шу конференция иштирокчиларига йўллаган табрик нутқида давлатимиз раҳбари бадиий таржима бўйича жуда муҳим вазифани кун тартибига қўйди: «Биз Ўзбекистонда «Адабий дўстлик – абадий дўстлик» деган чуқур маъноли тамойилга амал қилган ҳолда, жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш масаласига ғоят жиддий эътибор қаратамиз. Худди шундай ҳолатни ўзбек адабиёти намуналарини бошқа тилларга таржима қилиш соҳасида ҳам кузатиш мумкин».
Кейинги йилларда ўзбек китобхонларига тақдим этилаётган таржима асарлари сони ва салмоғи кескин ортди ва назаримда «сукунат даври» битди. Масалан, 2022 йилда «Туркий адабиёт дурдоналари» 100 жилдлик асарлар мажмуасининг нашр этилиши, унда жами туркий тилли давлатлар адабиётида муносиб ўринга эга 1 минг 100 нафар муаллиф қамраб олинганини эътироф этиш жоиз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан 2023 йилда Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достонининг насрий баёни Илёсхон Баҳромов томонидан араб тилига, Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романи Керол Ермакова томонидан инглиз тилига, Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романи Замира Ўзтурк томонидан турк тилига таржима қилинди ва Франция, Озарбайжон, Туркия сингари давлатларда чоп этилди. Шу йили «Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари» 100 жилдлик асарлар мажмуасини нашрга тайёрлаш ишларига тайёргарлик бошланди ва бир нечта мўъжаз асарлар жажжи китобсевар фарзандларимиз китоб жавонидан жой олди, 2026 йилгача режадаги барча асарлар таржимаси якунига етади.
2024 йилда ҳам Миср Араб Республикасида Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романининг араб тилига қилинган таржимаси тақдимоти бўлиб ўтди. Айни дамда 2024 йилда жаҳон адабиётининг 100 та сара асарини ўзбек ўқувчиларига етказиш борасида иш олиб борилмоқда. Шу пайтга қадар 27 та асар ўзбек тилига ўгирилиб, чоп этилиш арафасида. Умуман олганда, ўзбек таржима мактаби жонланмоқда. Камчиликлар етарлича, аммо яхши натижалар сони ортаётгани барчамизни хурсанд қилади. Ўйлайманки, шу зайлда ишларимизни давом эттирсак, ҳам она тилини, ҳам хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ёш таржимонларни тарбиялашда давом этсак, уларни муносиб рағбатлантирсак, ўзбек таржимачилик мактаби янада ривожланади.
– Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бадиий таржима соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилганида унинг олдига қўйилган энг асосий вазифалардан бири илмий, бадиий ва бошқа соҳалардаги адабиётларни ўзбек тилидан инглиз ва бошқа хорижий тилларга, шунингдек, жаҳон тилларидан она тилимизга юксак сифат ва маҳорат билан таржима қиладиган таржимонлар тайёрлаш бўлган. Биз баҳоли қудрат ушбу вазифани адо этиб келмоқдамиз. Шу мақсадда университетда Таржима назарияси ва амалиёти факультети очилган. Маълумки, бошқа турдош ОТМларда ҳам шундай факультетлар бор ва улар ҳам таржимонлар тайёрлайди.
Бизнинг университетдаги Таржима факультетининг улардан асосий фарқи биз бўлажак таржимонларга она тилимизни ҳам жуда чуқур ўргатамиз. Чунки шу кунгача кўплаб таржима факультетларининг битирувчилари хорижий тилни пухта ўрганганлари ҳолда она тилимизни ҳаминқадар билишади. Сўз захиралари улкан эмас, ижодкор, она тилимизда бетакрор жумлалар туза оладиганлар эса чет тилларини пухта билмайди. Биз мана шу бўшлиқни тўлдиришга қарор қилдик ва таржимонлар тайёрлашда янгича ёндашувни танладик. Ўқув дастурларига ўзбек тили ва адабиёти фанларини кўпроқ киритдик, энг тажрибали профессор ўқитувчилар, атоқли ижодкорлар ва хорижлик мутахассисларни таълим жараёнига жалб қилдик.
2021 йилдан бошлаб Бадиий таржима мутахассислиги бўйича магистратурага қабул бошладик. Талабаларга Қосимбой Маъмуров, Авазхон Ҳайдаров, Зиёда Тешабоева, Аидахон Буматова сингари малакали таржимон-педагоглар сабоқ бердилар. Меҳнатларимиз узоқ куттирмай ўз самарасини бера бошлади. Талабаларимиздан Шоҳруҳ Усмонов, Назокат Ғаффорова, Гулсанам Абдазовалар муваффақиятли таржималари билан адабиёт ихлосмандлари назарига тушди.
Университет ўзбек адабиётини чет тилларига таржима қилиш бўйича фақат кадр тайёрлаш билан чекланмай, катта амалий ишларни ҳам олиб бормоқда. Масалан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда «Ўзбек шоир ва ёзувчилари учун инглиз тили» лойиҳасини амалга оширди. Бу лойиҳа доирасида замондош ўзбек адибларига инглиз тили бепул ўргатилди. Бир йил давомида бир гуруҳ ўзбек ижодкорлари инглиз тилини Б1 даражада ўрганишга муваффақ бўлдилар. Лойиҳадан кўзланган мақсад ўзбек адиблари ўз асарларини инглиз тилига таржима қилишлари ва бу орқали жаҳоннинг йирик ижодий танловларида иштирок этишлари учун имкон яратиш, ўзбек ижодкорларини хорижлик салафлари билан янада яқинлаштиришдан иборат.
Шубҳасиз, бадиий таржима соҳасида олдимизда турган вазифалар талайгина. Жаҳон адабиётининг дурдона асарларини она тилимизга, ўзбек адиблари асарларини чет тилларига таржима қилиш жуда муҳим эканлигини ахборот асрида кўриб турибмиз. Машина таржимаси жадал такомиллашиб бориши фонида бадиий таржиманинг қадри янада ортди. Чунки ҳеч қандай сунъий интеллект бадиий таржимани амалга ошира олмас экан, бадиий таржимада руҳ, қалб бор, уни фақат катта истеъдод ва маҳоратга эга ижодкор-таржимонларгина уддалай олади.
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.