Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2024 йил 18 январь куни ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти борасида қатор вазифалар юклатилган эди. Белгиланган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида агентликда “Марказий экспорт штаби” ташкил этилиб, 21 нафар мутахассис бириктирилди ҳамда 14 та ҳудудда “Экспорт штаб”лари фаолияти йўлга қўйилди. Соҳадаги ушбу янгилик билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида агентлик томонидан пресс-тур ўтказилди.
Унда таъкидланганидек, штаб аъзолари 39 та хорижий давлат элчихоналарига бириктирилган. Уларнинг асосий вазифалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини самарали ташкил қилиш, корхоналарга маълумотлар борасида ва муаммоли масалалар ечимида амалий кўмак бериш ҳамда республикамизнинг экспорт салоҳиятини янада оширишдан иборатдир.
Ундан ташқари штабда республикамиздаги экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кунлик нарх-навоси мониторинги, омборхонадаги қолдиғи ва яқин 20 кунда пишиб етиладиган маҳсулотлар бўйича маълумотлар, экспортёр корхоналарнинг экспорти билан боғлиқ муаммоли масалаларни ўрганиш ва уларни тезкор ҳал этиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга ошириб келинмоқда.
- 2024 йил 6 май куни ушбу штаб ташкил қилинган, - дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги қошидаги ахборот-таҳлил бўлими бош мутахассиси Акмал Боймуродов. – Шундан бери 14 нафар малакали мутахассис фаолият юритиб келмоқда. Штабнинг ташкил этилишидан асосий мақсад мана ҳозир барча маҳсулотларимиз пишиб етилди ва пишиб етилиш арафасида турибди. Шуларни Европа ва дунёнинг барча бозорларига экпортини таъминлаш, ўзбек брендини машҳур бўлиши режа қилинган.
Шунингдек, штабнинг юқори малакали мутахассислари хорижий ваколатхоналар билан мулоқот олиб бориб, В2В учрашувлар ва шоурумлар ҳамда экспортёрларимизнинг кўргазмаларда иштирок этишини ташкил этишда амалий кўмаклашиб, экспортга оид маълумотлар базасини шакллантириб келмоқдалар. Унда хорижий давлатдаги йирик улгуржи марказлар, савдо агентлари, хорижий технологлар ва импорт қилувчи корхоналар, бренд компаниялар ва логистика марказлари тўғрисида кенг маълумотлар акс этган. Шу билан бирга, маҳаллий экспортчи корхоналарнинг тижорат таклифларини хорижий импортёрларга етказиш йўналишларида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги экспорти билан боғлиқ масалаларни рақамли майдонда умумлаштириш мақсадида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг
Ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамлаштириш бошқармаси мутахассислари томонидан махсус “narx.karantin.uz” платформаси ишлаб чиқилди. Унинг афзаллиги шундаки, мамлакатимизнинг турли давлатлардаги элчихоналари томонидан хориждаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб ва экспортбоп маҳсулотларнинг минимал ва максимал нархлари доимий равишда киритиб борилади.
Шунингдек, экспорт бўйича хорижий агентлардан олинаётган маълумотлар, чет элдаги талаб ва буюртмалар портфели, юк ташиш хизмати билан шуғулланувчи компаниялар ҳамда бошқа логистика коридорлари ҳақидаги кўплаб маълумотлар ягона базада умумлаштирилиб, агентликнинг “Агрокўмакчи” мобиль иловасига интеграция қилинади.
Маълумот учун, жорий йилнинг 4 июнь ҳолатига кўра, қиймати 462,2 млн. долларга тенг 776 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти амалга оширилган.
Албатта, экспорт кўрсаткичлари энг аввало мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотларнинг изчил ва самарали амалга оширилиши билан бевосита боғлиқдир.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/1eMsgbKHUao?si=bMeFbn-b5RDjwzE1" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев(видео), ЎзА