Пойтахтимиздаги "Ўзбекистон" Халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон ва Мўғулистон санъат усталари иштирокидаги қўшма концерт дастури бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев мазкур дастур Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурелсухнинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида ташкил этилганини таъкидлади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон жаҳон мамлакатлари билан очиқ, конструктив, ўзаро ишонч ва самимиятга асосланган дўстона муносабатларни йўлга қўйгани она-Ватанимиздаги ижобий ўзгаришларни жаҳонга тўлақонли намоён этиш имконини бермоқда.
Бу жиҳатлар мамлакатимизнинг Мўғулистон Республикаси билан дўстона муносабатларида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурелсух 23-26 июнь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб туриши жараёнида ҳам бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин далилини топди.
Ташриф асносида юксак мартабали меҳмон Ўзбекистондаги янгиланишлар, ижобий ўзгаришлар билан батафсил танишди. Тараққиёт сари шиддатли одимлаётган Ўзбекистондаги илғор ташаббуслар, эзгу саъй-ҳаракатларни юксак эътироф этди.
Олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари учун тақдим этилган баёнотда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Мўғулистон Президентининг икки томонлама муносабатлар тарихидаги биринчи ташрифи Ўзбекистон-Мўғулистон дўстлигини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган ўзаро интилишнинг тасдиғи бўлганини қайд этди.
Ушбу юқори даражадаги мулоқотлар давомида эндиликда мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар иқтисодиёт, саноат, ишбилармонлик билан бирга инновацион технологиялар, маданият, таълим, илм-фан, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда ҳам тобора кенгроқ ривожланишининг янги истиқболлари белгиланди.
Мўғулистон Бош вазирининг ўринбосари Сайнбуянгийн Амарсайхан ушбу дастур сабаб йиғилганларга Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурелсухнинг илиқ ва самимий саломини етказишдан мамнун эканини эътироф этди.
Таъкидланганидек, халқларимиз ўртасидаги алоқалар қадим тарихга эга. 1992 йилдан Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилгач, ҳамкорлигимиз ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш асосида ривожланиб бормоқда.
Концерт дастурида Мўғулистоннинг "Морин хуур" филармоник оркести ҳамда Ўзбекистон Давлат халқ чолғулари оркестри икки халқ мусиқаларидан намуналарни ижро этди.
Айтиш керакки, 2008 йили ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган "Морин хуур" филармоник оркестри мўғул тарихи, маданияти, ўзига хослигини намойиш этиши билан аҳамиятли.
Икки халқ санъат усталари иштирокидаги дўстлик концерти самимий, баланд руҳда ўтди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири