Кувайтнинг оммабоп “Q8 Press” электрон нашрида “Ўзбекистон-2030” стратегияси сайёҳлар сонини кўпайтириш ва халқ фаровонлигини оширишга қаратилган” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Таъкидланишича, бой маданий мероси, тарихий обидалари ва гўзал табиати билан танилган мамлакатимиз туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётган давлатлар қаторига киради. “Ўзбекистон-2030” стратегиясида республикада ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароит яратиш орқали сайёҳлар сонини ошириш вазифаси қўйилган.
– Хорижликлар ташрифи бўйича Ўзбекистон пандемиядан олдинги кўрсаткичнинг 98 фоизини қайд этди, – деб ёзади муаллиф. – Демак, мамлакат туризми тез суръатда тикланяпти. Хорижий туристларни жалб қилиш мақсадида виза режими изчил соддалаштирилмоқда, янги йўналишлар ишлаб чиқиляпти, соҳа билан боғлиқ лойиҳаларга инвестиция киритиш, йирик тадбирлар ташкил қилиш ҳам эътиборда.
2017-2023 йиллар давомида Ўзбекистонга келган чет эллик сайёҳлар сони мунтазам кўпайган. Бу кўрсаткич Япониядан 5, Ҳиндистон ва Италиядан 3,5, АҚШдан 2 баробар ортган.
Мақола шундай якунланган:
– Ўзбекистон туризмининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш тенденцияси ижобий натижа кўрсатмоқда. Шунингдек, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида назарда тутилган сайёҳлик соҳасини ривожлантиришга оид вазифалар аҳоли даромади ошиши, янги иш ўринлари яратилиши ва пировардида халқ фаровонлиги таъминланишига хизмат қилади.
ЎзА