Мамлакатимиз спорт делегацияси Россия Федерациясининг Саха Республикаси Якутск шаҳрида ўтадиган «Осиё болалари» ўйинларида иштирок этиш учун жўнаб кетди.
Пойтахтимиздаги Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон спорт делегациясини тантанали кузатиш маросими ташкил этилди.
Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов, вазир маслаҳатчиси Ш.Мўминжонов ва бошқа масъуллар саккизинчи бор ташкил этилаётган мазкур комплекс спорт ўйинларида юртимиз спортчилари муносиб иштирок этиши учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратилганини, «Осиё болалари» спорт ўйинлари маҳоратли спортчиларимиз учун халқаро мусобақалар кўникмасини шакллантиришда муҳим омил бўлишини таъкидлади.
Айтиш лозим, 7 июлгача давом этадиган "Осиё болалари" ўйинларида 24 та спорт турида 239 та медаллар жамланмаси учун курашлар бўлиб ўтади. Мусобақалар Якутск шаҳридаги 16 та спорт мажмуасида ўтказилади.
Унда мамлакатимизнинг 179 нафар спортчиси 16 спорт турида кечадиган беллашувларда совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, бундан икки йил муқаддам – 2022 йили Россиянинг Владивосток шаҳрида ўтказилган VII «Осиё болалари» мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси 41 та олтин, 28 та кумуш, 45 та бронза, жами 114 та медаль билан давлатлар кесимида умумжамоа ҳисобида Россиядан кейин иккинчи ўринни эгаллаган эди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/a4RC5-RKANA?si=U2d_i3HSMpHpxeTp" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Т. Рўзиев, ЎзА