Тадбиркорлик субъектлари электр энергияси учун харажатларни сезиларли даражада тежаши ва электр қурилмаларни бир меъёрда ишлаши учун реактив қувватни компенсацияловчи қурилмалардан фойдаланиши зарур.
«Ўзэнергоинспекция» томонидан истеъмолчиларда қуввати 50 кВт ва ундан юқори бўлган энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берилмоқда.
Унга кўра, ўтган муддатда 455 минг 984 кВар қувватга эга бўлган 2 минг 134 та реактив қувват компенсация қилувчи қурилмалар ўрнатилиши таъминланган. Бу ишлар натижасида ҳар ойда 4 миллион 206 минг кВт⋅соат электр энергияси иқтисод қилинишига эришилган.
Бироқ истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини бир меъёрда ишлаш омили ҳисобланган ушбу қурилмалардан фойдаланишда айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан камчиликларга йўл қўйилмоқда.
Ўрганишларга кўра, реактив қувват компенсация қилувчи қурилмалар ўрнатиш юзасидан инспекция томонидан берилган кўрсатмалар ижросини ўз вақтида таъминламаган 1 минг 46 та истеъмолчига нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги қарорига асосан истеъмолчилар томонидан реактив қувватни етарли даражада компенсация қилинмаса, тармоқларда актив энергиянинг қўшимча йўқотишлари учун қайта ҳисоб-китоблар амалдаги тарифга нисбатан уч баравар миқдорда ҳисобланади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА