Литванинг Вильнюс шаҳрида Transparency International халқаро ташкилоти томонидан ташкил этилган XXI халқаро аксилкоррупция анжумани бўлиб ўтди.
Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тухташева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашди. Мазкур иштирок БМТ Тараққиёт дастури кўмагида ташкил этилди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, халқаро аксилкоррупция анжумани ҳар икки йилда ташкил этилади. Ушбу анжуманга бутун дунёдан давлат идоралари, халқаро ва нодавлат ташкилотлар таклиф этилиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича тажриба алмашиш ва инновацион янгиликларни ишлаб чиқиш каби масалалар кўриб чиқилади.
140 дан ортиқ мамлакатдан масъул шахслар, фаоллар, журналистлар, фуқаролик жамияти институтлари ва ишбилармон доира вакилларини бирлаштирган бу йилги конференция “Глобал таҳдидларга қарши туриш: ҳалолликни қўллаб-қувватлаш” мавзусида ташкил этилди.
Тадбирда Латвия Президенти Гитанас Науседа, Transparency International халқаро ташкилоти кенгаш раиси Руэбен Лифука, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти Бош котиби Матиас Корманн, шунингдек, БМТ, Европа Кенгаши ва бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Анжуман доирасида Ўзбекистон делегациясининг Литва Республикаси Махсус тергов хизмати раҳбари билан икки томонлама учрашуви ташкил этилди. Унда икки давлат аксилкоррупция идоралари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва доимий тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, конференция давомида Transparency International, Opendata Charter, Очиқ ҳукумат ҳамкорлиги, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси каби халқаро ташкилотлар ҳамда Грузия ва Қозоғистон аксилкоррупция идоралари вакиллари билан ишчи учрашувлар ўтказилди.
Ўзаро мулоқотлардан кейин ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.
Жумладан, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан БМТ Коррупцияга қарши конвенцияси 2-босқич таҳлилининг янги даражасига ўтиш, ушбу жараён учун услубий платформа яратиш, унда нодавлат ташкилотлар ролини кучайтириш, шунингдек, Тошкент аксилкоррупция форумининг асосий муҳокамаларини ушбу масалага қаратиш, Очиқ ҳукумат ҳамкорлиги халқаро ташкилоти билан Ўзбекистоннинг мазкур тузулмага аъзо бўлиши ва очиқликни таъминлашда ҳамкорлик қилинади.
Шунингдек, Transparency International ташкилоти билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда мамлакатда ташкилотнинг бўлинмасини ташкил этиш истиқболлари бўйича фикр алмашилди. Қозоғистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан минтақавий платформа доирасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва платформа доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳажми кенгайтирилади.
Литва Республикасининг махсус тергов хизмати билан превентив чоралар, аксилкоррупциявий таълим, соҳага оид тадқиқотлар, бизнес сектор учун менторлар тайёрлаш амалиёти йўналишларида ҳамкорлик ўрнатилади ҳамда идоралараро меморандум имзоланади.
Н.Абдураимова, ЎзА