«Бизнинг гуноҳимиз учун болаларимиз товон тўлаяпти…»
Жазони ижро этиш муассасалари, яъни қамоқхона, тергов ҳибсхонаси ва бошқа ёпиқ муассасалар номини эшитишнинг ўзиёқ кишида ёмон таассурот уйғотади.
Ҳақиқатан ҳам бундай масканлар, энг аввало, инсонга энг зарур бўлган эркинликни чеклагани учун ҳам шундай. Қолаверса, илгари пайдо бўлган қамоқхоналардаги қийноқлар ҳақидаги гап-сўзлар ҳамон кўпчиликнинг ёдидан чиқмаган.
Бугунчи? Бугунги кунда қамоқхоналардаги аҳвол ўзгарганми?
Ҳақиқий вазиятни кўриш учун Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова бошчилигида ўтказилган мониторингда иштирок этиб, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 21-сонли аёллар жазони ижро этиш муассасасига бордик.
Омбудсманнинг мазкур мониторинг ташрифи давомида Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида фаолият юритувчи жамоатчилик гуруҳлари, депутатлар ҳам иштирок этди.
Айтиб ўтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги «Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида Омбудсманга қийноқларнинг олдини олиш мақсадида Жамоатчилик гуруҳлари билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини амалга ошириш тизимини йўлга қўйиш юклатилган.
Мониторинг ташрифида маҳкумаларни сақлаш шароитлари билан танишдик. Уларнинг овқатланиш, меҳнат қилиш, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари кўздан кечирилди. Тиббий ёрдам кўрсатиш хонаси ва кутубхоналар ҳолати ўрганилди.
Колонияда бешта тикув ва кийимларни бичиш, пайпоқ тўқиш цехлари мавжуд. Цехларни айланар эканмиз, қўллари ишдаю, аммо маҳзун нигоҳлари бизга қадалган турфа ёшдаги қизлар, аёлларни кўрдик. Улар – кимнингдир қизи, опаси, синглиси, онаси ёки ёри.. Бу нигоҳларни бир кўришга зор бўлаётган қанча қоракўзлар борлигини тасаввур қилиш ҳам оғир.
Лекин, ҳаётда ҳар бир инсон қилган ишига яраша яшайди. Жиноят қилган шахсларга жазо берилиши муқаррар.
Айтиб ўтиш керакки, маҳкумаларга ишбай асосида ҳақ тўланиб, иш ҳақи уларнинг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади. Ушбу ҳисоб рақамига маҳкумаларнинг яқинлари ҳам пул маблағларини ўтказишлари мумкин. Колониядаги 3 ёшгача фарзанди бор аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёши катта маҳкумалар ишга жалб қилинмайди.
Колонияда фарзанди билан яшаётган маҳкумалар билан суҳбатлашилганда, болаларнинг барча эҳтиёжлари учун давлат томонидан маблағ ажратилиши, уларга 24 соат давомида тиббий ёрдам кўрсатиш учун шароитлар яратилгани қайд этилди.
Мониторинг доирасида маҳкумалар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Биз ҳам маҳкумалар, уларнинг яқинлари, мониторинг иштирокчилари билан суҳбатлашдик.
– Жиззах вилоятига ўртоғимнинг олдига боргандим, – дейди қашқадарёлик Лутфия Тожиева. – Ўша ерда қаҳвахонага борганмиз ва мен бир йигитнинг пулини ўғирлаганман. Илгари ҳам шундай иш қилгандим. Иккинчи марта қамалишим. Қилган ишимдан пушаймонман. Бундан олдин шу ерга тушганимда ҳомиламдан айрилиб қолгандим. Ҳозир бу иккинчи фарзандим. Қизим жарроҳлик амалиёти орқали дунёга келди. Бунинг учун шу ерда ишловчи хизматчилар катта ёрдам берди. Она бўлиш бахт эканини англадим. Боламга қараганимда онамни эслайман. Ота-онамнинг қадрига етмаганимга афсусланаман, кўп нарсани тушундим. Бу ердан чиқсам, қизимга, ота-онамга қарайман, ҳалол меҳнат қиламан. Бу ерда қийинчиликлар йўқ, фақат озодлик етишмайди. Яқинларимнинг дийдори, меҳри етишмайди. Бизнинг гуноҳимиз учун болаларимиз товон тўлаяпти.
Муассасага онасини кўриш учун келган ургутлик Сарвиноз билан суҳбатлашганимизда, у бир йилдан бери онасининг дийдорига зор бўлиб яшаётганини айтди.
– Онам гиёҳвандлик воситасини сотгани туфайли қамалиб қолган, – дейди у. – Оилада уч нафар фарзандмиз. Опам турмушга чиққан, синглим ҳали ёш. Ҳар икки ойда бу ерга келамиз. Ойижонимнинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди, уларни жуда соғинамиз. Бизга унинг эътибори, тарбияси жуда ҳам керак. Онам ўзлари ҳам пушаймон қилган ишларидан. Ҳеч бир она адашмасин экан, бу унинг ўзига
ҳам, оиласига ҳам қийинчилик келтиради.
– Омбудсман жамоатчилик вакили сифатида мен бу муассасага кўп келаман, – дейди психолог Шоира Исоқова. – Албатта, жазони ижро этиш муассасасида аёлларимиз учун яратилган шароитлар жуда юқори даражада. Уларнинг иш билан таъминлангани, дам олиш соатлари ташкил этилиши, ҳунар эгалламоқчи бўлганларга ҳам имконият яратиб қўйилгани жуда яхши кўрсаткич. Бу ерда аёллар ишлаб даромад топаётгани, китоб ўқишлари учун яратилган шароитлардан унумли фойдаланаётгани, натижада қилмишидан тўғри хулоса чиқараётгани эътиборга лойиқ.
Бу ердаги кўпчилик аёлларда кейинчалик ҳаётда ўз ўрнини топиш, ўз меҳнати орқали турмушини йўлга қўйиш истаги кучли экани кишини мамнун қилади. Чунки жиноят қилган шахсни жазолашдан кўзланган асл мақсад ҳам шу. Албатта, бундай жойларни ҳеч қачон аёлларга раво кўрмаган бўлар эдим. Лекин, бу ҳаёт. Ҳаётда ўз ўрнини топа олмаслик, ўз вақтида ҳунар ўрганмаганлик, илм олмаганлик, жамиятга мослаша олмаслик оқибатида келиб чиқадиган ҳуқуқбузарлик, турли хил жиноятларга қўл уриш аёлларни бу ерга етаклаб келган. Қонун устувор жамиятда яшаймиз. Ҳар қандай нотўғри хатти-ҳаракат учун қонун олдида жавоб берилишини унутмаслик керак. Назаримда, бундай мониторинглар ўтказилиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига эътибор натижаси. Қолаверса, жазони ижро этиш муассасасида ўтирган аёлларимиз тақдирига ҳукуматимиз бефарқ эмаслиги, Омбудсман келиб уларнинг шароитини, муаммоларини ўрганиб, уларга ечим топиб бераётгани давлатимизнинг маҳкумаларни ҳам эътибордан четда қолдирмаётганидан далолат беради.
Омбудсман томонидан қийноқларнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан, мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар Олий Мажлис палаталарига тақдим қилинади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/v7gYxY4RA5A" title="Ayollar koloniyasi: “Qiyinchilik yo‘q, faqat ozodlik yetishmaydi...”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Норгул Абдураимова, Нишон Абдувотов (видео), Анвархўжа Аҳмедов (монтаж), ЎзА